Навоий шаҳрида ногиронлиги бўлган шахслар учун “Тенг ҳуқуқлар – тенг имкониятлар!” шиори остида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Унда вилоят марказида фаолият юритувчи 34 та корхона ва ташкилот ўзларидаги мавжуд бўлган 110 та бўш иш ўрни билан қатнашди. Шунингдек, ярмарка қатнашчиларига касб-ҳунарга ўқиши ҳамда ўзини ўзи банд қилиши учун имтиёзли кредит ва субсидиялар олиш тартиби ҳақида маълумот берилди.
Тадбир давомида 11 нафар ногиронлиги бўлган фуқарога доимий ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилган бўлса, 3 нафари эса “Ишга марҳамат” мономарказида касб-ҳунарга ўқитилади.
[gallery-17238]
– Ўзим 2-гуруҳ ногирониман, – дейди “Турон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Зулфия Ибрагимова. – Ишлаш, оиламга даромад олиб кириш, қолаверса, жамият ҳаётида фаол иштирок этишни хоҳлайман. Бугунги меҳнат ярмаркасида “Ўзмиллийбанк” АЖ Навоий вилояти филиалига оператор лавозимига ишга жойлашишга йўлланма олдим. Мен каби ногиронлиги бўлган фуқароларга қилинаётган самимий муомала, кўрсатилаётган беминнат ёрдам учун ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Ҳозир Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги қатор давлат идоралари билан биргаликда 20 минг нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган шахс бандлигини таъминлаш мақсадида ҳамкорликни йўлга қўйди. Унга кўра, эндиликда вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг тизим ва тасарруфидаги ташкилот ва муассасалар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаш бўйича доимий равишда вакант лавозимлар учун очиқ танлов эълон қилиб боради.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари