Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ногиронлиги бўлган шахслар учун инклюзив ечимлар муҳокама қилинди
11:10 / 2026-01-23

Тошкент шаҳрида ногиронлиги бўлган шахслар учун молиявий инклюзия форуми бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси, шунингдек, тижорат банклари ва тўлов тизимлари вакиллари иштирок этди.

Форум Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсиши ва ижтимоий адолатни таъминлаш мақсадида ногиронлиги бўлган шахсларнинг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалаларига бағишланди.

Мазкур тадбир ногиронлиги бўлган фуқароларнинг молиявий хизматлардан тенг ва барқарор фойдаланишини таъминлаш, шу орқали уларнинг иқтисодий фаоллиги ҳамда жамият ҳаётидаги иштирокини оширишга қаратилган муҳим мулоқот майдони бўлди.  

Форум доирасида молиявий хизматлардан фойдаланишдаги мавжуд тўсиқ ва муаммолар, банк ва тўлов хизматларининг жисмоний ҳамда рақамли қулайлигини ошириш, шунингдек, молия секторда инклюзив муҳитни шакллантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирга таклиф этилган маҳаллий ва халқаро экспертлар инклюзив молиявий хизматларни жорий этиш бўйича ўзларининг амалий тажрибалари, самарали ёндашувлари ва инновацион ечимларини тақдим этди. Муҳокамалар давомида банк инфратузилмаси ва банкоматларни ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш, хизматлар сифатини ошириш ҳамда инклюзив молиявий маҳсулот ва хизматларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, Капиталбанк томонидан «Тенг имкониятлар» инклюзив дастури тақдим этилди. Ушбу дастур банк филиаллари инфратузилмасини мослаштириш, ходимлар малакасини ошириш ва ногиронлиги бўлган мижозлар учун махсус молиявий маҳсулот ва хизматларни жорий этишни назарда тутади. Шунингдек, Пайнет компанияси ўзининг электрон тўлов платформалари ва агентлик тармоғи орқали ногиронлиги бўлган шахслар учун молиявий хизматлардан қулай фойдаланишни таъминлашга қаратилган амалий лойиҳаларини тақдим этди. Форум доирасида, шунингдек, 2026 йилга мўлжалланган инклюзив ташаббуслар ҳам эълон қилинди.

Халқаро ташкилотлар ўз тақдимотларида инклюзив дизайн, халқаро стандартларга мувофиқлик ва молия институтлари салоҳиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Ушбу илғор тажрибалар Марказий банкнинг молиявий инклюзия соҳасидаги сиёсатини янада такомиллаштиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2025 йилда Марказий банк томонидан 2025-2030 йилларга мўлжалланган Молиявий оммабоплик миллий стратегияси тасдиқланган. Унда ногиронлиги бўлган шахслар учун молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган алоҳида йўналиш ва чора-тадбирлар белгиланган. Мазкур стратегия ижроси доирасида Марказий банк ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамкорлигида ногиронлиги бўлган шахслар учун молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш бўйича алоҳида Йўл харитаси ишлаб чиқилган.

Шаҳноза Маматуропова,

ЎзА