Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ногиронлиги бўлган шахслар қўллаб-қувватланмоқда
17:06 / 2023-09-07

Қарор ва ижро

Юртимизда аҳолининг барча қатламларини, жумладан, эҳтиёжманд ва ногиронлиги мавжуд фуқароларни ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган.  

Албатта, бунда 2023 йилнинг 27 февралида қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори дастуриламал вазифасини бажармоқда.  

Навоий вилоятида жорий йилнинг 8 ойи давомида сертификат асосида 1277 нафар ногиронлиги бўлган шахс ва пенсионер реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия маҳсулотлари билан таъминланди.  

Маълумотларга кўра, 2023 йилнинг 1-ярмида ногиронлиги бўлган шахслар ва пенсионерлардан 1074 нафарига 1 миллиард 611 миллион сўмлик бепул сиҳатгоҳ йўлланмалари берилган. Шунингдек, иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларидан 6 нафари санаторийларда соғломлаштирилди. 586 нафар ўзгалар парваришига муҳтож якка-ёлғиз, пенсионер ва ногиронлиги бўлган шахсларга 83 нафар ходим ажратилиб, ижтимоий хизмат кўрсатилиб келинмоқда. 14 нафар ногиронлиги бўлган шахслар эса белгиланган тартибда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Махсус комиссиясининг тегишли қарорларига биноан “Мурувват” ва “Саховат” интернат уйларига жойлаштирилди.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 мартдаги “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарорига асосан, сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими шакллантирилмоқда. Ушбу қарорга кўра, вилоят Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази ўринларини 100 тага етказиш режалаштирилган эди. Бунинг учун республика бюджетидан 6 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 40 ўринли қўшимча бино қуриб битказилди.  

Янги бинони мебель ва тиббий жиҳозлар билан таъминлаш учун 800 миллион сўм маблағ ажратилиб, электрон биржа савдолари орқали зарурий тиббий ва бошқа жиҳозлар сотиб олинди.  

– Марказнинг асосий фаолият тури ногиронлиги бўлган шахслар ва ногиронлиги бўлган болаларни тиббий-ижтимоий ва касбий реабилитация қилиш ҳисобланади, – дейди марказ директори Улуғбек Бозоров. – Бугунги кунга қадар марказ 55 ўринга мўлжалланган бўлиб, бюджет ҳисобидан 98,25 қиймат иш ўрнида 127 нафар ходим фаолият юритиб келарди. Марказнинг эски биносида врачлар ва ҳамширалар учун 16 та, беморлар даволаниши учун 30 та, тиббий ёрдам ва муолажалар учун 20 та ҳамда қўшимча 34 та хона мавжуд эди.  

Ҳозирги кунда марказ койкалар сони 100 ўринга етказилиб, штат бирликлари 168 тага етказилди ва ишчи-ходимлар сони 210 нафардан ошди.  

Марказда ҳозирга қадар йилига 1600-1700 нафар ногиронлиги бўлган шахс ва болаларга реабилитация ўтказилиб келинаётган эди. Қўшимча янги бинонинг фойдаланишга топширилиши йилига 3500 нафар ногиронлиги бўлган шахсга реабилитация курсларини ўташ имконини беради.  

Марказда даволанаётган беморларнинг маданий ҳордиқ олишини таъминлаш мақсадида маънавият хонаси ташкил этилди ва мингдан ортиқ тиббий ҳамда бадиий адабиётлар, газета ва журналлар билан таъминланган.  

Албатта, инсон қадри улуғланаётган юртда гарчи ногирон бўлсанг-да, борлигингни ҳис қилиб яшашнинг ўзи бир бахт. Юртимизда эса ҳар бир инсон давлатнинг эътиборида. Улар учун алоҳида имконият ва имтиёзлар мавжуд.  

Жорий йил давомида марказда даволанаётган 30 ёшгача бўлган 83 нафар ногиронлиги бўлган шахс учун ўқишга, 218 нафари учун эса бандлигини таъминлаш юзасидан тавсиялар берилди.  

А.Бўриев, ЎзА мухбири