Глобаллашув ва интеграциялашув жараёнлари кучайиб бораётган бир шароитда ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига доир янгича ҳамда креатив ёндашувлар ҳар қандай жамиятнинг муҳим масалаларидан саналади.

Чунки замонавий тараққиётнинг ўлчови иқтисодий кўрсаткичлар билан бирга инсон капиталига қаратилаётган эътибор, ижтимоий адолатни таъминлаш ва жамиятнинг инклюзивлик даражасини кўрсатади.
Шу маънода, бугун дунёнинг аксарият мамлакатларида ногиронлиги бўлган шахслар учун жисмоний муҳитни мослаштириш, ижтимоий хизматлар кўламини кенгайтириш, таълим ва меҳнат бозорига тенг кириш имкониятларини яратиш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада мамлакатимизнинг ҳам муҳим стратегик ислоҳотлари ўз самарасини бериб келмоқда.
Жумладан биргина 2023 йил 30- апрелда ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ижтимоий давлат қиёфасини очиб берди.
Дарҳақиқат, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, меҳнат қилиш, соғлиқни сақлаш, таълим ва тарбия, малакали юридик ёрдам олиш, давлат хизматига киришда тенг ҳуқуқларни кафолатлаш умуминсоний қадриятлардан саналади.

Мазкур йўналишдаги ташаббус ва ислоҳотлар “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”нинг 66-мақсади ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 23 ва 28-мақсадларида белгиланган вазифалар билан ҳамоҳанг тарзда амалга оширилмоқда. Ушбу стратегик ҳужжатларда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини кафолатлаш, жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтиришга алоҳида урғу берилган.
Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда узоқ хорижий давлатларда ногиронлиги бўлган шахсларга яратилаётган шароитлар, берилаётган имтиёзлар ва халқаро мажбуриятлар ижроси ўрганилиб, Ўзбекистон амалиётига татбиқ этиш мумкин бўлган илғор тажрибалар танлаб олинмоқда.
ЎзФА Давлат ва ҳуқуқ институтида “Марказий Осиё. Ногиронлиги бўлган шахслар: янги чақириқлар ва истиқболлар” мавзусида илмий-амалий конференция ҳам ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ислоҳотларни такомиллаштириш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишга бағишланди
Анжуман Жаҳон банкининг “МУНИС” халқаро грант лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Конференцияда бир нечта маҳаллий ва хорижий университетлар, жумладан, Малайзия миллий университети экспертлари, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси, “SharoitPlus” ногиронлар жамоат бирлашмаси вакиллари, ёш олимлар ва соҳада изланиш олиб бораётган тадқиқотчилар иштирок этди.
Тадбирда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари бўйича мутахассисларни тайёрлашга қаратилган ўқув дастури муҳокама қилинди. Шунингдек, ходимлар учун ушбу йўналишда сертификатлаштириш курсларини ташкил этиш, Ногиронлар ҳуқуқларини тадқиқ этиш ва тарғибот марказининг узоқ муддатли стратегик режасини ишлаб чиқиш масалалари кўриб чиқилди.
Конференция давомида инклюзив тадқиқот амалиётлари, Марказий Осиёда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи ва сиёсати бўйича яратилган очиқ журнал тақдимоти ҳам ўтказилди. Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА