Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш инклюзив маркази вилоят бўлими, вилоят ёшлар ишлари агентлиги, вилоят спорт бошқармаси, Термиз шаҳар хотин-қизлар бўлими ва бандлик маркази ҳамкорлигида “Сизлар доимо эътиборимиздасиз!” лойиҳаси доирасида ногиронлиги бўлган шахслар учун давра суҳбати ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши ёшлар ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Феруза Болтаева, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш инклюзив маркази вилоят бўлими раҳбари Нигина Мухторова, Термиз шаҳар ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гулнора Раҳмонова ҳамда бошқалар мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган инсонларни қўллаб-қувватлаш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишига айланганини алоҳида таъкидлади. Кейинги йилларда ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими тубдан такомиллаштирилиб, ногиронликни барвақт аниқлаш ва олдини олиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларни касбга ўқитиш ва ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.


Ногиронлиги бўлган шахсларга қаратилаётган ғамхўрликлар Сурхондарё вилоятида ҳам ўз самараларини бермоқда. Жумладан, ўтган йил ишсиз ногиронлиги бўлган 4 минг 100 нафар шахс ишга жойлаштирилди. 2 минг 600 нафари параспортга жалб этилди. 1 минг 385 та протез ортопедия мосламаси, 5 минг 445 та реабилитация техник воситалари, 395 та электрон юритмали ногиронлар аравачаси билан таъминланди. Замонавий реабилитация техник воситалари билан таъминлашга қаратилаётган эътибор туфайли 4 минг 391 фуқаронинг жисмоний ҳаракатланиши барқарорлашиб, 983 нафарининг касб фаолиятини давом эттиришига енгиллик яратилди. Ўтган йил реабилитация марказларида даволанган 3 минг 82 нафар ногиронлиги бўлган шахснинг 577 нафарида ногиронлик гуруҳи енгиллаштирилди, 286 нафарининг ногиронлиги тўлиқ соғломлаштирилди.


Давра суҳбатида ногиронлиги бўлган шахсларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди. Фаол иштирокчилар ХДП вилоят кенгашининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири