Қарор ва ижро
Бугун пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Давлат харидлари барча учун” шиори остида ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазма ярмаркаси ташкил этилди.
Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон карлар жамияти каби ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда 100 га яқин корхона ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.
– Президентимизнинг 2021 йил 21 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган мазкур тадбир ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаоллигини ошириш, тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилаётганларга ҳар жиҳатдан кўмак беришга қаратилган, – деди Молия вазирлиги Давлат харидлари департамент директори Сарвар Назаров. – Тадбирдан асосий мақсад давлат буюртмачиларини ҳамда хўжалик юритувчи субъектларини ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар билан яқиндан таништириш ва шартномалар тузишдир. Маълумки, давлат харидларида барча иштирокчилар қатнашиш мумкин. Давлат буюртмачилари учун эса сифатли маҳсулотларни харид қилиш ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, ўтган йили 150 триллион сўмга яқин давлат харидлар орқали шартномалар амалга оширилган. Бугунги кўргазма ярмарка ҳам бундай эзгу ишларда илк қадам, десак тўғри бўлади.
[gallery-7666]
Кўргазма жараёни билан танишар эканмиз, тақдим этилаётган ҳар бир маҳсулотнинг ўзига хослиги ва сифати иштирокчилар эътиборини тортаётганига гувоҳ бўлдик. Махсус кийимлар, аёллар ва эркаклар кийимлари, пойабзаллар, уй жиҳозлари, парта, стол, стуллар каби 70 дан ортиқ маҳсулотлар уларнинг диққат марказида бўлаётгани кишини қувонтиради.
Биз кўргазмада “Ангрен мурувват” МЧЖ ишчиси Муҳайё Карманова билан суҳбатда бўлдик. Унинг таъкидлашича, жамоа томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар орасида ҳарирлиги ва бежиримлиги билан аёллар шарфлари ниҳоятда харидоргир экан.
– Ангор эчкиси жунидан ва қўл меҳнатидан яраладиган ушбу шарфларни тайёрлаш учун икки ҳафта вақт талаб этилади, – деди суҳбат чоғида М.Карманова. – Биз нафақат шарфлар, балки халатлар, махсус кийимлар, пайпоқ ва қўлқоплар каби 10 га яқин маҳсулотларни ишлаб чиқарамиз. Бугун биз, ишлаб чиқарувчиларга катта имконият яратилди. Бу ерда маҳсулотларимизни намойиш қилиш билан бирга, бошқа ишлаб чиқарувчилар билан ҳам мулоқотда бўлдик. Корхонамиз ҳақида тўхталадиган бўлсам, жамоамиз 21 кишидан иборат бўлиб, улар орасида 14 нафари ногиронлиги бор фуқаро, 7 нафари эса “Темир дафтар”да рўйхатда турувчи аёллардир. Айни кунларда маҳсулотимизни ички бозорга чиқаряпмиз. Экспортга ҳам эътибор қаратиб, ҳозир Россия ва Тожикистон давлатлари билан ҳам келишувлар олиб борилмоқда.
– Ярмаркада намойиш этилган мебель маҳсулотлари Тошкентдаги 1- ўқув ишлаб чиқариш корхонасида ишлаб чиқарилган, – деди Ўзбекистон карлар жамияти бошқарма бошлиғи Жавоҳир Рихсиев. – Шунингдек, Андижон мебель ишлаб чиқариш корхонаси ҳам маҳсулотларини тақдим этган. Молия вазирлиги томонидан илк бор ташкил этилган мазкур тадбир Президентимиз томонидан ногиронлиги бўлган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўлидаги муҳим чора-тадбирлардан биридир. Давлат харидлари бўйича бундай инсонларга имтиёзлар берилган. Хусусан, давлат буюртмачиларига электрон кооперация биржаси порталида рўйхатдан ўтган, ишловчи ходимлари умумий сонининг камида 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан иборат ва ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50 фоизини ташкил этадиган, ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар билан улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни харид қилиш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузиш имконияти яратилди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА