Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ногиронлиги бўлган одамга қаровчиларга иш ҳақи тўлаш тизими жорий қилинади
17:43 / 2023-06-21

Ҳудудларда Президентликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари сайловчилар билан учрашувлар ўтказиб, ташвиқот ишларини олиб бормоқда.

Жумладан, ЎзЛиДеПдан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳридаги ишончли вакили Рустам Калонов Янгиҳаёт ва Мирзо Улуғбек тумани сайловчилари билан учрашди.  

Учрашувларда ишончли вакил сайловчиларни номзоднинг ҳаёти, меҳнат фаолияти, бешта устувор мақсадни қамраб олган сайловолди дастури билан таништирди.  

Таъкидланганидек, сайловолди дастурида ҳар бир маҳаллада профессионал ижтимоий ходимлар фаолиятини ва ижтимоий хизматларни манзилли асосда кўрсатиш тизими йўлга қўйилади. Ҳаётда оғир аҳволга тушган ёки тушиш хавфи юқори бўлган ҳар бир оила бўйича алоҳида “ижтимоий хизмат иши” юритиш тартиби ишлаб чиқилади. Бунда ушбу оилаларнинг шароитини яхшилаш, бемор вакилларни даволаш, дориларни етказиш, фарзандларини боғча ва мактабга жойлаштириш, моддий ёрдам бериш каби ижтимоий хизматлар кўрсатиш назарда тутилган.  

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича протез-ортопедия буюмлари билан таъминлаш учун йўналтириладиган маблағларни ҳозирги 80 миллиард сўмдан 250 миллиард сўмга кўпайтирилади. Ногиронликни белгилаш бўйича ҳозирги тиббий моделдан ижтимоий моделга ўтиш учун зарур чоралар кўрилади. Ногиронлиги бўлган шахсларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга бепул ўқитиш тизимини йўлга қўйиш уларнинг жамиятга интеграцияси янада кучайтирилади.  

Оиласидаги ногиронлиги бўлган одамга қаровчи эҳтиёжманд инсонларга иш ҳақи тўлаш тизими жорий қилинади. Ногиронлиги бўлган шахсларни бизнесга жалб қилиб, даромад топишга ўргатган, уларнинг маҳсулотини реализация қилишга кўмаклашган тадбиркорларга имтиёз ва афзалликлар бериш тартиби ишлаб чиқилади.  

Сайловчилар билан учрашув давомида яна бошқа йўналишлардаги мақсад-вазифалар батафсил тушунтирилди.  

Учрашувлар якунида ишончли вакил сайловчиларни бўлажак сайловда партия номзодини қўллаб-қувватлаб, овоз беришга чақирди.

М.Комилова, ЎзА