Мамлакатимизда ногирон, жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, турмуш фаровонлигини яхшилаш, уларнинг тўлақонли ҳаёт кечириши, айниқса, йўлларда эркин ҳаракатланиши учун турли қулайлик ва шарт-шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ногиронлар ассоциацияси Андижон вилоят бўлими қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда вилоятдаги йўллар, чорраҳалар, бекатлар, бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа хизмат кўрсатиш объектларида ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур қулайлик ва шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар белгилаган.

Ана шу тадбирлар доирасида мазкур йўналишдаги ишларни ташкил этиш ва назорат қилиш бўйича тузилган Ишчи гуруҳлар томонидан вилоят ҳудудидаги йўллар, пиёдалар йўлакчалри, автотураргоҳ, автомобиль тўхташ жойлари, умумий овқатланиш, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари ва йўловчи ташиш транспорт воситалари, бозорлар, савдо ва хизмат кўрсатиш иншоотларида ногиронлар учун махсус жойлар ташкил этиш, йўл белгилари ўрнатиш, ётиқ чизиқлар жорий этиш борасидаги ишлар ўрганиб борилмоқда.

–Бугунги кунда ҳудудлар, турли иншоотларда жисмоний имконияти чекланган инсонларга қулайликлар яратиш масаласига кўплаб мутасаддилар, масъуллар етарли даражада эътибор қаратаётгани йўқ, – дейди Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлими раҳбари Ойбек Абдураҳмонов. – Натижада ана шу тоифадаги кишилар қийналмоқда. Ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан Андижон шаҳридаги қатор объектларда ана шу йўналишдаги ишларнинг ижроси қонунчилик талаблари асосида ўрганиб чиқилди. Минг афсуски, кўплаб объектларда ногиронлиги бор инсонлар учун зарур шарт-шароитлар яратилмаган, мавжудлари ҳам талаб даражасида эмас.

Жумладан, Ижтимоий ҳимоя агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекция ҳамда Андижон вилоят транспорт бошқармаси ҳамкорлигида Андижон шаҳридаги автобусларда ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган қулайликлар ва хизмат кўрсатиш ҳолати юзасидан ўтказилган назорт тадбирида ҳам ана шундай ҳолатлар аниқланди.
Тадбир давомида транспорт воситаларига чиқиш-тушиш имкониятлари, йўлларда махсус белгиларнинг мавжудлиги, кўрсатилаётган хизматларнинг сифати, тўсиқсиз муҳит талабларига амал қилиниши ўрганилди.

Ўрганишлар давомида айрим автобусларда ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган пандусларнинг ўрнатилмагани, ахборот узатувчи мониторлар мавжуд эмаслиги, бекатлар ҳақида эълонлар берилмаслиги, шунингдек, аксарият ҳайдовчилар хизмат кўрсатиш бўйича етарли малакага эга эмаслиги аниқланди.
Ўрганишларнинг якуний натижаси бўйича хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли тартибда хат ва тақдимномалар киритилди. Ишчи гуруҳ томонидан бу борадаги ишлар назоратга олинмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари