Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ногиронлиги бўлган аёллар “Хотин-қизлар кубоги”да беллашди 
15:37 / 2024-03-04

Пойтахтимиздаги “INNO” ўқув-ишлаб чиқариш технопаркида ногиронлиги бўлган аёллар ўртасида Паралимпия ҳаракатини янада оммалаштириш, уларни пара спорт турларига кенг жалб қилиш мақсадида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Хотин-қизлар кубоги” мусобақаси ўтказилди.

Мусобақа Ўзбекистон Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Миллий паралимпия қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Анъанавий тарзда ташкил этилган турнирда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган 100 нафарга яқин кар ва заиф эшитувчи, таянч ҳаракат аъзолари шикастланган ва аравачада ҳаракатланувчи ҳамда заиф кўрувчи, кўзи ожиз хотин-қизлар спортнинг пара шахмат ҳамда пара стол тенниси турлари бўйича ўзаро рақобатлашди. 

Мазкур тадбир доирасида “Матонат марафони” ҳам ўтказилди. Унда ўз соҳаларида юқори натижаларга эришган ногиронлиги бўлган хотин-қизлар мусобақа иштирокчиларига ўзларининг муваффақият йўллари ҳақида сўзлаб берди. 

– Бу каби спорт тадбирларидан кўзланган мақсад имконияти чекланган инсонларни спорт билан шуғулланишга ундаш ва бу орқали уларни юксак марралар сари олға боришлари учун имконият яратишдир, – дейди Ўзбекистон пара стол тенниси терма жамоаси мураббийи Нодира Бурхонхўжаева. – Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида гендер тенглигини таъминлаш, аёлларни Паралимпия спорт турларига жалб этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ ҳозирги кунда Ўзбекистон Паралимпия терма жамоалари аъзоларининг 40 фоизини аёллар ташкил этади. Айниқса, пара енгил атлетика, пара пауэрлифтинг, пара таэквондо, пара сузиш, пара дзюдо каби спорт турларида ўзбекистонлик аёллар юқори ўринларни эгаллаб келаётир. 

Дарҳақиқат, бугун паралимпиячи хотин-қизларимиз орасида дунё эътироф этаётган Гулжаной Наимова, Рўза Қўзиева, Шаҳноза Мирзаева, Моҳигул Ҳамдамова, Нурхон Қурбонова, Асила Мирзаёрова, София Бурханова каби аёл пара спортчиларимизнинг халқаро ареналарда қўлга киритаётган ютуқлари Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган аёлларга мотивация бериб, уларни Паралимпия спорт турларига жалб этишда намуна бўлиб хизмат қилмоқда. 

Дўстона тарзда ўтказилган мусобақада иштирокчилар ташкилотчилар томонидан махсус диплом, медаль, кубок ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА