Бугунги кунда юртимизда соғлом инклюзив муҳитни яратишга жиддий ёндашилмоқда. Халқаро стандартлар асосида лойиҳалар ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилмоқда.
Вақтинча ёки умрбод ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий яккаланиб қолмаслиги мақсадида уларнинг ҳаракатланиши, таълим олиши ва меҳнат фаолиятини олиб бориши учун қулайликлар яратишга қаратилган қонун лойиҳаси жамоатчиликка тақдим этилди.
“Транспорт тўғрисида”ги мазкур қонун лойиҳаси амалда нафақат аҳолининг кўпчилиги, балки ижтимоий жиҳатдан ҳимояга муҳтож гуруҳлар манфаатларини ҳам ҳисобга олган ҳолда инклюзив ва хавфсиз транспорт тизимини шакллантириш учун пойдевор яратади.
Унга кўра, автобуслар ва бошқа шаҳар транспорти салонлари хавфсиз тушиш ва чиқишни таъминлаши, бекатлар ва тушиб-чиқиш ҳудудлари пандуслар ҳамда тутқичлар билан жиҳозланиши мажбурий этиб белгиланади.
Инклюзив меъёрлар инфратузилмани лойиҳалаш ва қуриш босқичиданоқ инобатга олиниб, мазкур талабларнинг ижроси устидан назорат Транспорт вазирлиги зиммасига юкланади.
Халқаро ташкилотлар маълумотларига кўра, турли мамлакатларда аҳолининг 15 фоизигача бўлган қисми вақтинчалик ёки доимий ҳаракатланиш чекловларига дуч келади. Қулай ва очиқ транспорт мавжуд бўлмаса, бундай одамлар амалда ижтимоий ва иқтисодий ҳаётдан четда қолиб кетади. Бу эса масаланинг нақадар долзарблигидан далолат.
Таъкидлаш жоизки, инклюзив транспорт — бу фақат инсон ҳуқуқлари масаласи эмас, балки таълим ва меҳнат бозорига кириш имконияти, ижтимоий яккаланишнинг камайиши, иқтисодий фаолликнинг ошиши демак.
Кўплаб давлатларда бундай меъёрлар аллақачон жорий этилган. Масалан, Европа Иттифоқида барча янги автобуслар паст полли бўлиши ва пандуслар билан жиҳозланиши, бекатлар эса ногиронлар аравачалари учун мослаштирилиши шарт.
Буюк Британияда ногиронлиги бўлган йўловчиларга хизмат кўрсатишдан бош тортганлик учун ташувчилар жавобгар ҳисобланади. Японияда бекатлар ва шаҳар транспорти тактил плиткалар, лифтлар ва визуал кўрсаткичлар билан жиҳозланган.
Жанубий Кореяда эса овозли ва рақамли ёрдамчиларга эга “ақлли бекатлар” жорий этилган.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда таклиф этилаётган ўзгаришлар ҳам халқаро амалиётга мос келади ва инклюзив шаҳарлар сари йўналтирилган глобал тенденцияни акс эттиради.
Мазкур қонун лойиҳаси шаҳар йўналишли таксиларга нисбатан ҳам аниқ талабларни белгилайди. Жумладан, автомобилнинг фойдаланиш муддати 15 йилдан ошмаслиги, мажбурий суғурта, электрон тўлов усулларидан ҳамда таксометр функциясига эга иловалардан фойдаланиш.
Ушбу чора-тадбирлар хавфсизликни ошириш, бозор шаффофлигини таъминлаш ва хизмат сифатини яхшилашга қаратилганини эътироф этиш жоиз. Ушбу лойиҳа қулай инклюзив муҳит яратиш йўналишидаги ислоҳотларнинг узвий давоми бўлиб, шаҳар транспорти ва инфратузилмасини мослаштириш босқичма-босқич амалга оширилиши кўзда тутилган.
Қувонарлиси, аниқ ва ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган талабларнинг пайдо бўлиши ўз-ўзидан муҳим қадамдир. Мамлакатимизда ҳам шаҳар транспорти энди барча йўловчилар учун қулайлик ва тенг шароитлар тамойилларига асосланиб ривожлана бошламоқда. Бу эса аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами учун яна бир нодир имконият бўлади, десак янглишмаган бўламиз.
Шербек Исломов,
ЎзА