English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ногирон фуқароларнинг муаммолари ўрганилди
21:41 / 2023-11-03

Сайёр қабуллар аҳоли мурожаатлари билан ишлашда, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлашда ўз самарасини беради. Фуқаро ариза ёки шикоят билан мурожаат қилмаса, муаммо йўқ, дегани эмас. Айниқса, дарду-ташвиши қийнаб турган бўлса-да, сабр-қаноат билан қийинчиликларни енгиб келаётган, бу ҳақда маҳалла-кўй, мутасадди идора ва ташкилотларга мурожаат қилишни ўзига эп кўрмайдиганлар ҳам бор.

Шу боис сайёр қабуллар халқ билан мулоқот қилишда муҳим омил бўлмоқда. Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Саттаровнинг Боёвут тумани С.Айний номидаги маҳаллада ўтказган сайёр қабулида аҳоли, айниқса, ногиронлиги бўлган фуқароларнинг муаммолари ўрганилди. “Ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳуқуқий акцияси” доирасида ташкил этилган мазкур тадбир аввалида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиблари тўғрисида тўхталиб ўтилди. 

Шундан сўнг фуқаролар муаммоларини ўрганишга киришилди. M. Шоёқубовнинг 2 нафар фарзанди туғма ногирон. Турмуш ўртоғи фарзандлар парвариши билан банд, оила айни пайтда ижтимоий кўмакка муҳтож. Ҳудудга адлия масъулларининг келиши М.Шоёқубов учун айни муддао бўлди. Фуқарога ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга ғамхўрлик қилувчи фуқаролар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ҳақида тўлиқ тушунтириш берилди. 

А.Жўрабоевнинг фарзанди ҳам 2-гуруҳ ногирони, ҳозир 16 ёшда. Туғма ногиронлиги сабаб, у доимий даволаниб туради, ҳозир соғлиғида муаммолар бор. Шу боис жорий йил декабрда келадиган навбатини ноябрь ойига кўчиришда амалий ёрдам сўради. Фуқаронинг ушбу мурожаати жойида ижобий ечим топди.

Сайёр қабулда субсидия ажратиш, шахсини тасдиқловчи ҳужжат олиш, иш стажига оид йўқолган ҳужжатларни тиклаш, пенсия таъминоти, моддий ёрдам олиш каби масалаларда 20 га яқин мурожаат келиб тушди. Шундан 5 та мурожаат жойида ўз ечимини топди, 6 тасига зарур тавсия ва ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 7 та мурожаат белгиланган тартибда кирим қилиниб, уларнинг кўриб чиқилиши алоҳида назоратга олинди. 

Шунингдек, тадбир давомида 15 нафар фуқарога болани мактабгача таълим ташкилотига рўйхатга қўйиш, электрон рақамли имзо олиш, санаторийга навбатга қўйиш бўйича сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Қабул нафақат аҳоли муаммоларини ўрганиш, балки иштирокчиларни қонунчиликдаги янгиликлардан хабардор қилиш имконини ҳам берди. 

Ш.Суяров, ЎзА мухбири