Фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судининг ижро варақасига асосан Мажбурий ижро бюросининг Жалақудуқ туман бўлими томонидан номулкий ижро ҳужжати ижроси таъминланди.
Маълум бўлишича, фуқаро Д.Х. узоқ вақт давомида ногирон фарзанди билан уй-жойсиз қолиб, сарсон ҳолда яшаб келган. Суд қарорига кўра, она ва унинг ногирон боласини доимий яшаш манзилига киритиб қўйиш белгиланган.
Бироқ эр-хотин ўртасидаги оилавий низо сабабли турмуш ўртоғи М.А. уларнинг уйга қайтишига қаршилик кўрсатиб келган.
Давлат ижрочиси томонидан жавобгар М.А. суд қарори талабларини бажариш зарурлиги ҳақида бир неча бор огоҳлантирилганига қарамай, ижро ҳужжати ихтиёрий равишда бажарилмаган.
Шундан сўнг, тегишли мутасадди ташкилотлар, маҳалла фаоллари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирокида мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилди. Натижада, она ўзининг ногирон фарзанди билан бирга яшаш хонадонига киритилиши таъминланди.
Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам манфаатларини таъминлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Ҳамроз Баянов, ЎзА