Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ногирон-ампутантлар турнири. Жасоратли «Матонат»га тенг келадигани йўқ
17:49 / 2022-02-07

Катта футболда жаҳон чемпионатига чиқа олмаяпмиз, дея бонг урамиз. Лекин айнан футболда бир эмас беш карра жаҳон чемпион эканлигимиз кўпчиликнинг ёдидан кўтарилганлиги сир эмас. Бундай муваффақиятларга фақат ногирон-ампутантларимиз эвазига эришганмиз.

Дунё бўйича ногирон-ампутантлар футболи асосчиси, америкалик Билль Боррининг 1988 йили аввалига Москвага, сўнг юртимиз Тошкентга ташрифи сабаб асос солинган ногирон-ампутантлар футболимиз кўп ўтмай  нафақат собиқ Иттифоқда, балки жаҳонда ном қозона бошлади. 1990 йили АҚШда, 1991 йили Ўзбекистонда, 2007 йили Туркияда, 2010 йили Аргентина ҳамда 2012 йили Россияда ўтказилган жаҳон чемпионатларида олтин медалларни қўлга киритган. Бунгдан ташқари 1988 (кумуш) ва 2002 йилги (бронза) мундиалларнинг совринли ўринларини банд этишган. Россияда ташкил этилган яна қанчадан-қанча халқаро турнирларда эришган муваффақиятлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Мусобақа ташкилотчилари 2008 йили Анталияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатига бошқалар манфаати учун ҳаттоки термамизни таклиф этмаганди.

Орада маълум муддат ногирон-ампутантларимиз эътибордан бироз четда қолишди. Ўтган йилдан бу соҳа яна «жонланди». Терма жамоа учун йиғинлар ташкил этилди, илк бор Ўзбекистон чемпионати ўтказилди. Саккизта жамоа қатнашган ва тўрт тур (Косонсой, Тошкент, Жиззах, Тошкент) натижаларига кўра «Матонат»га тенг келадигани топилмади.

Чемпионатнинг бу мавсумда ҳам давом эттириш масалалари кўрилмоқда. Унгача эса ўзига хос турнир ташкил этилди. Ногирон-ампутантлар футболини янада ривожлантириш, терма жамоамиз учун шарт-шароитлар яратиш орқали термамизнинг яна аввалги шон-шуҳратини давом эттириш ишларига бош-қош бўлаётган Рустам Меҳмонов ва Алишер Файзиевнинг ташаббуси билан Фарғона шаҳрида юрт футболи равнақига улкан ҳисса қўшган фидоий инсонлар – Мираброр Усмонов, Наримон Жалолов, Алла Тазетдинова, Анвар Исмоилов, Рустам Қориев, Рима Усмонхўжаеваларнинг хотирасига бағишлаб турнир уюштирилди.

«Матонат», «Байналминал» (иккаласи ҳам Тошкент), «Андижон», «Фарғона», «Жиззах» ва «Қўқон» жамоалари иштирокида ўтган мусобақада юз фоизли натижа қайд этган «Матонат» жамоаси ғолиб сифатида олтин медаль билан тақдирланди. Беш ўйиндан уч ғалаба, биттадан дуранг ва мағлубияти билан «Андижон» жамоаси кумуш, иккита ютуқ, битта дуранг ва битта мағлубиятга эга бўлган «Байналминал» жамоаси эса бронза медали билан мукофотланди.   


  
Ногирон-ампутантлар терма жамоамиз жорий мавсумда қатор нуфузли-расмий мусобақаларда иштирок этади. Биринчи галда 4-11 март кунлари Эронда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионати, бир пайтнинг ўзида жаҳон чемпионатига саралаш ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Унда Эрон, Ироқ, Фаластин, Сурия, Ҳиндистон ва Ўзбекистон терма жамоалари ўзаро куч синашишади. Учта омадли жамоа шу йилнинг ноябрь ойида Туркия мезбонлик қиладиган жаҳон чемпионатига йўлланма олади.

Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА