Душанбе шаҳрида шахмат бўйича ўтказилган Тожикистон Республикаси Президенти кубоги баҳслари якунига кўра, жаҳон кубогининг 1/16 финал босқичида ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоевдан мағлубиятга учраган ҳиндистонлик Венкатеш Пранав “А” гуруҳида ғолибликни қўлга киритди.
Умумий мукофот жамғармаси 46 минг АҚШ доллиларидан иборат турнирда 17 мамлакатдан 233 нафар истеъдодли шахматчилар иштирок этди. Турнирнинг “А” гуруҳида мамлакатимизнинг 12 нафар, “Б” гуруҳида 21 нафар ёш шахматчиси совринли ўринларга даъвогарлик қилди.

Турнирнинг “А” гуруҳида 91 нафар иштирокчи дона сурган бўлса, 9 та турдан иборат мусобақада 5 та ғалаба, 4 та дуранг қайд этган Пранав 7 очко билан ғолибликни тантана қилиши ортидан мукофот жамғармасида белгиланган 10 минг АҚШ долларига эга чиқди.
Кейинги ўринлардан жой олган 8 нафар қатнашчи 6,5 очко тўплади. Ўзбекистонлик шахматчилардан Баҳром Баҳруллаев 6 очкога эга чиққан ҳолда қўшимча кўрсаткичларга кўра, 14-поғонани банд этди.

Мусобақанинг “Б” гуруҳида 131 нафар қатнашчи орасида 7,5 очко жамғарган ҳамюртларимиз Исломбек Ҳусанов ва Муҳаммаддиёр Махаммадуллаев 1 ва 2-ўринларни эгаллади. Шунингдек, ушбу гуруҳда ҳамюртимиз Самандар Шермуҳаммадов 7 очко билан 4-ўриндан жой олишга муваффақ бўлди.
Т.Рўзиев, ЎзА