Озарбайжоннинг Ханкенди шаҳрида шахмат бўйича “Vugar Gashimov Memorial – 2025” турнирида дунёнинг 6 нафар энг маҳоратли шахматчилари қаторида ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоев ҳам дона сурди.
Россиялик Ян Непомнящий, Словения шарафини ҳимоя қилган Владимир Федосеев, Эрон вакили Амин Табатабаи ҳамда озарбайжонлик Рауф Мамедов ва Ойдин Сулейманли билан кечган баҳсларда Ёқуббоев ўз истеъдодини намойиш этди.
Мусобақанинг блиц баҳсларида 4,5 очко жамғариб, 4-ўринни эгаллаган Нодирбек Ёқуббоев, рапид мусобақаларида совринли ўринларни эгаллашга жуда яқин келди.

Ҳамюртимиз ўтказилган 10 та тур учрашувларининг 3 тасида ғалаба, 4 тасида дуранг ва 3 тасида мағлубиятга учраб, 5 очко жамғарди. Худди шунингдек 3-ўринни эгаллаган Амин Табатабаи ҳам 5 очко жамғарди. Фақат қўшимча кўрсаткичлар, яъни 2 та ғалаба, 2 та мағлубият, 6 та дуранг эвазига эронлик шахматчига 3-ўрин тақдим этилди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил “Vugar Gashimov Memorial” турнирида биринчи рақамли шахматчимиз Нодирбек Абдусатторов блиц баҳсларида 8 нафар иштирокчи орасида 1-ўринни эгаллаган эди.
Т.Рўзиев, ЎзА