Бугун, 31 май куни Қозоғистоннинг Актобе шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган “Владимир Дворкович мемориал – “Aktobe Open 2024” халқаро турнирининг 7-турида ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоев қора доналарда асли украиналик, ҳозирда Австрия шарафини ҳимоя қилаётган Валентин Баидетский билан куч синашади.
Мукофот жамғармаси 100 минг АҚШ долларидан иборат бўлган мазкур турнирда 21 та давлатнинг 200 нафарга яқин шахматчилари иштирок этмоқда.
Мазкур нуфузли мусобақада 6-тур якунларига кўра, 4,5 очко билан 9-ўринни эгаллаб турган ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоевдан ташқари иқтидорли шахматчиларимиз Муҳиддин Мадаминов ва Муҳаммадзоҳид Суяров ҳам совринли ўринларга даъвогарлик қилмоқда.
Турнир жадвалида 3 очкога эга бўлган ҳолда 40-поғонада бораётган М.Суяров бугун ўтадиган 7-турда қозоғистонлик Эргали Сулаймон билан, 2,5 очко жамғариб ҳозирча 56-қаторда қайд этилган М.Мадаминов 7-турда мезбонлар вакили Ораш Шоназаров билан куч синашади.
2 июнга қадар давом этадиган турнирда ҳозирча 5 очкога эга ҳиндистонлик Абхижэт Гупта, эронлик Пархам Магсудлу, арманистонлик Шант Саргсян етакчилик қилаётган бўлса, сербиялик Алексей Сарана ва Нодирбек Ёқуббоев сингари 7 нафар шахматчи 4,5 очко билан уларни таъқиб этмоқда.
Т.Рўзиев,
ЎзА