Жаҳон шахмат ишқибозлари эътибор марказида бўлган “Tata Steel Chess-2024” халқаро турнири “Masters” гуруҳидаги баҳсларининг ортда қолган 6-турида Нодирбек амалдаги жаҳон чемпиони билан жанг олиб борди.
Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида ўтаётган мазкур нуфузли мусобақанинг “Masters” гуруҳида 14 нафар номдор шахматчилар қаторида иштирок этаётган Нодирбек Абдусатторов 6-турда ҳам олдинги тўртинчи ва бешини турдаги натижаларини такрорлади.
Ҳамюртимиз ушбу турда гарчи қора доналарда ўйнаган бўлса-да, амалдаги жаҳон чемпиони Дин Лижэн билан кечган мураккаб баҳсда ғалабага тенг дурангга эришди ва очколари сонини 3,5 тага етказиб олди.
Турнир жадвалида пешқадамлик қилаётган нидерландиялик Аниш Гири “Tata Steel Chess-2024” 6-турида эронлик Пархам Магсудлу билан дурангга эришиб, 4,5 очко билан етакчиликни давом эттирмоқда.
Ундан кейинги ўринда бораётган Алиреза Фирузжа 6-турда хитойлик Вэйни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, 4 очкога эга бўлиб олди.
Ғолибликка даъвогарлик қилаётган Нодирбек Абдусатторов, Макс Вармердам, Доммараджу Гукеш, Рамешбабу Праггнанандҳаа ҳисобида 3,5 очко мавжуд.
Бугун, 20 январь куни ўтказиладиган 7-тур учрашувида Нодирбек Абдусатторов турнирда етакчилик қилаётган Аниш Гири билан куч синашади. Мазкур учрашув “Tata Steel Chess-2024”нинг энг муҳим баҳсларидан бири бўлиши кутилмоқда. Айнан ушбу “ақл жанги”да кимнинг қўли баланд келса, халқаро турнирда ғолибликка асосий номзод бўлиш ҳуқуқига эга чиқади. Агар томонлар муроса йўлини танласа, ғолиблик учун курашувчилар сафи янада кенгайишига олиб келиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.
7-турда шунингдек, Видит – Фирузжа, Донченко - Цзюй Вэньцзюнь, Гукеш – Вармердам, Праггнанандҳаа - ван Форест, Магсудлу – Непомняший, Вэй - Дин Лижэн рўбарў келишади.
13 турдан иборат бўлган халқаро турнирнинг энг кучлилари номи 28 январда аниқланади.
Т.Рўзиев, ЎзА