Бугун, 4 март куни “Prague International Chess Festival 2026” турнирининг 7-турида Нодирбек Абдусатторов "Masters" гуруҳида етакчилик қилаётган нидерландиялик Жорден ван Форест билан куч синашади.
Мазкур учрашувда биринчи рақамли шахматчимиз Н.Абдусатторов оқ, ван Форест қора доналарда ҳаракатланади. Терма жамоамиз аъзоси Нодирбек Ёқуббоев эса ушбу турда қора доналарда ҳиндистонлик Аравиндх Читхамбарам билан баҳс олиб боради.

Кеча ўтказилган 6-тур баҳсида Ёқуббоев ва Абдусатторов қарама-қаршилиги дуранг билан якунланди. Шунингдек, мазкур турда “Masters” гуруҳида пешқадамлик қилаётган нидерландиялик Жорден ван Форест оқ доналарда чехиялик Давид Навара билан, испаниялик Антон Дэвид эронлик Пархам Магсудлу билан, АҚШ вакили Ханс Ниманн германиялик Винсент Каймер билан муроса йўлини танлади.

Амалдаги жаҳон чемпиони ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу учрашувни оқ доналарда олиб борганига қарамасдан ҳамюрти Аравиндх Читхамбарамга имкониятни бой берди.

Бугун ўтадиган 7-тур ўйинлари остонасида Жорден ван Форест 4,5 очко билан турнир жадвалини бошқараётган бўлса, уни 4 очкога эга Абдусатторов ва Навара таъқиб этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 9 та турдан иборат бўлган “Prague International Chess Festival 2026” мусобақалари 6 мартга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА