Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нодирбек Абдусатторов: “Болалигимдаги орзуимга эришдим”
13:46 / 2026-02-02

Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида ўтказилган “Tata Steel Chess-2026” турнирида ғолибликка эришган ҳамюртиммиз Нодирбек Абдусатторов тақдирлаш маросимидан кейин журналистларга берган интервьюсида сўз билан ифодалаб бўлмайдиган даражада хурсандлигини билдирди.

– Бу жуда узоқ йўл бўлди. Йиллар давомида ғалабага жуда яқин келиб, ҳар сафар бироз имкониятим етмай қоларди. Ниҳоят, бу турнирда жуда чиройли услубда ғалаба қозондим. Бу фаолиятимдаги энг муҳим лаҳзалардан бири бўлди, – дея таъкидлади у. – Болалигимда айнан шу турнирда чемпион бўлишни орзу қилардим. Энди эса бу орзу амалга ошди. Ўзимга бу йил ўтказиб юбориш мумкин эмас, дедим, бор кучимни, қувватимни бердим.

Сўнгги партия оғир кечишини олдиндан билган Нодирбек рақибидан кескин ва таваккалга асосланган ўйин кутган. Унинг сўзларига кўра, дебютдаги танлов ҳам мантиқий, ҳам хавфли эди.

– Рақибимнинг йўқотадиган нарсаси йўқ эди, шунинг учун охиригача курашишини билардим. Партия олдидан охирги кўрган вариантларимни қўлладим. Бу ҳаракатим ютуқли бўлиши кераклигини билардим. Энг содда ва амалий йўлни танладим. Бу ғалаба келтирди.

Шунингдек, интервью давомида биринчи рақамли шахматчимиз сўнгги 13-турдаги рақиби Аржун Эригайси ҳақида фикр билдириб, ҳиндистонлик шахматчи иккинчи йилдирки, ушбу турнирда омадсиз иштирок этаётгани, лекин Аржуннинг яқин келажакда янада кучли бўлиб қайтишига, зўр натижалар кўрсатишига ишонч билдирди.

Т.Рўзиев ёзиб олди, ЎзА