Театр маданият, маънавият маскани сифатида инсоннинг ички дунёсини бойитиш ва руҳиятини тарбиялашда муҳим ўрин тутади.
Театр санъати маданиятимизни дунёга танитадиган, халқимиз тарихини, маданияти ва анъаналарини, миллий қадриятларини кенг тарғиб этадиган воситадир. Театр томошаларига кирган инсон борки, у ердан руҳан ва қалбан покланиб, маънавий озуқа олиб чиқади, албатта.
Яқинда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театрининг янги — 87-мавсуми тантанали равишда очилди. Янги ижодий мавсум тарихий асар — “Нодирабегим” спектакли билан бошланди. Мазкур саҳна асари Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев томонидан бундан 33 йил аввал саҳналаштирилган. Театрнинг янги мавсуми айнан ушбу асар билан бошлангани бежиз эмас. Чунки бу йил Баҳодир Йўлдошев таваллудига 80 йил тўлгани муносабати билан томоша устоз санъаткорнинг хотирасига бағишланди.
Тарихдан маълумки, Қўқон хонлигида ўзаро тахт учун курашлар, фитналар унинг заифлашиб боришига сабаб бўлган. Қўқон хони Умархон вафотидан сўнг унинг 12 ёшли ўғли Муҳаммад Алихон тахтга ўтирган. Хон ёш бўлгани учун давлатни дастлабки даврда онаси Нодирабегим бошқарган. Спектаклда Мадалихон (Муҳаммад Алихон) ёшлик қилиб, фитналарга учгани, Нодирабегим эса донолик билан ўғилларини муросага келтиришга интилгани, халқни қўллаб-қувватлаши ҳамда Қўқон хонлигига кўз тиккан Бухоро амири Насруллохон ҳузурига бош эгиб бориб, уни иттифоқчиликка даъват этгани намойиш этилган.
Ҳар бир образ маҳорат билан ижро этилди. Эътиборлиси, спектакль театрнинг устоз санъаткорлари билан бирга Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари иштирокида тақдим этилди. Нoдирабегим, Амир Насруллo, Мадалиxoн, Қoра Мирза, Ҳoжи Фарруx, Канизак ва Ҳoжидарға каби oбразлар талаба ёшлар томонидан моҳирлик билан гавдалантирилди, спектаклга янгича руҳ олиб кирилди. Бўлажак ёш актёр ва актрисаларнинг маҳорати, саҳнада ўзини тутиши, ролини ўз маромига етказиб ижро этгани мухлисларнинг томоша сўнгидаги давомий олқишларида яна бир бор ўз аксини топди.
Маданият ва санъатнинг таълим билан узвий ҳамкорлиги, талабаларнинг театрларда амалий машғулотларни олиб бориши, устоз санъаткорлардан тажриба ўрганиши театр санъати келажаги учун ҳам, маҳоратли ижодкорларнинг етишиб чиқишида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур спектакль ҳар бир томошабинда ўзига хос хулосалар чиқаришга, тарихимизга назар ташлашга ва албатта, маданий ҳордиқ олишга хизмат қилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/mJ98iMD_GxY" title="“Nodirabegim” tarixiy spektakli yangicha shukuhda namoyish etildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова,
Искандар Исматов (видео), ЎзА