French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Нодирабегим” спектакли мухлисларга тақдим этилди
12:32 / 2025-07-15

Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театри ўзининг 86-ижодий мавсумини “Нодирабегим” номли спектакль премьераси билан якунлади.

Туроб Тўла асари асосида саҳналаштирилган ушбу спектакль Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори, профессор Нодирбек Сайфуллаев ҳамда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театри директори Азим Муллахонов ғояси муаллифлигида ўзига хос талқин этилгани аҳамиятга молик.  

Маълумки, Моҳларойим — Нодира XIX асрнинг биринчи ярмида яшаб, ижод этган машҳур шоира, давлат арбоби, маданият ва адабиёт ҳомийси эди.  

Филология фанлари доктори М.Қодировага кўра, шоира 1792 йили Андижон ҳокими Раҳмонқулибий оиласида таваллуд топди. Унинг онаси Ойшабегим маърифатли аёл бўлган. Ўзининг оилавий силсиласига кўра Бобур наслига мансуб бўлиб, шоиранинг ота-онаси ҳам даврнинг эътиборли кишилари эдилар. Моҳларойимнинг таълим-тарбияси шу муҳитда камолотга етди ва у таҳсил йилларида халқимизнинг тарихи, маданияти, илм ва адабиёти равнақидан яхшигина хабардор бўлиб ўсди. Моҳларойим шеъриятга жуда эрта ҳавас қўйди. Устоз Навоий, Жомий ва Бедил каби алломаларнинг асарларига бўлган эътиқод шоиранинг маънавий-ижодий камолотида ғоят катта аҳамият касб этди.  

Спектаклда Нодирабегимнинг давлат ва мамлакат ишларини адолатли, тадбирли бошқаргани, санъат, адабиёт, маданиятнинг фаол ҳомийсига айлангани, эл-юрт меҳрини қозонган юртпарвар шахс экани жуда ёрқин воқеалар ёрдамида очиб берилган.  

Айни пайтда хонликлар ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлар, адоват, ноаҳилликлар, хиёнат ва жаҳолат Нодирабегимдек улуғ шоира, давлат ва жамоат арбобининг оиласи, фарзандлари ва унинг ҳаётига ҳам раҳна солгани спектаклда жуда ёрқин тарзда акс эттирилган.  

Ушбу саҳна асари режиссёрлар Достон Ҳақбердиев ҳамда Рашид Уснатов томонидан саҳналаштирилган. Саҳналаштирувчи рассом – Дилмурод Мўминов. Дирижёр –  Акмал Тўраев.  

Спектаклда бош қаҳрамон Нодира сиймосини Мусаллам Дадажонова гавдалантирган. Увайсий ролини таниқли санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Меҳри Бекжонова, Муҳаммад Алихон  ролини Равшан Иброҳимов, Насруллохон ролини Ҳасанбой Иброҳимов, Умархон ролини Раззоқ Қодиров, Ҳаққули ролини Ҳабибулло Ортиқов  ижро этган. Шу билан бирга, театрнинг бир қатор актёрларининг бетакрор ижролари спектаклнинг муваффақиятини таъминлаган.  

Ўткир драматик руҳдаги мазкур спектакль театр мухлисларига манзур бўлди.  

Н.Усмонова,

ЎзА мухбири