Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 февралдаги “Мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳлари таълим дастури мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида киритилиши ҳамда мактабгача таълим тизимида ўйинга асосланган таълим йўналиши жорий этилиши белгилаб қўйилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова иштирокидаги брифингда тақдим этилган маълумотларга кўра, мактабгача таълим ва тарбия тизимини янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган "Янги авлод" мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи ҳамда унинг таркибида Болаларни ривожлантириш инновацион марказлари ташкил этилади.
Бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳлари мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларида тўлиқ ёки қисқа муддатли гуруҳларда амалга оширилади.
Шу билан бирга, мактабгача ва умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатувчи нодавлат таълим ташкилотларига бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларини ташкил этишга рухсат берилади.
2027-2028 ўқув йилидан бошлаб мактабга тайёрлов гуруҳларида таълим жараёнлари олий маълумотли педагоглар, шунингдек, олий таълим ташкилотларининг битирувчи босқич талабалари томонидан олиб борилади.
Мактабга тайёрлов гуруҳларида таълим-тарбия олган болаларга бир йиллик мактабга тайёрловдан ўтганлик тўғрисида давлат намунасидаги электрон сертификат берилади ҳамда ушбу маълумотлар умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномада қайд этилади.
2026-2028 йилларда "Янги авлод" мактабгача таълим ташкилотлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида биттадан ташкил этилади ҳамда давлат мактабгача таълим ташкилоти сифатида фаолият олиб боради.
Ушбу таълим ташкилотларининг маъмурий-бошқарув ва педагог ходимлар лавозимларига олий маълумотли, юқори салоҳиятли номзодлар танлов асосида қабул қилинади ҳамда тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида давлат бюджетидан ҳар ойлик қўшимча устама берилади.
2026-2027 ўқув йилидан бошлаб педагогика олий таълим ташкилотларида мактабгача ва бошланғич таълим йўналиши бўйича бакалаврларни тайёрлаш тизими халқаро илғор тажриба асосида амалга оширилади.
Тегишли олий таълим ташкилотларида ўрта махсус маълумотли педагог кадрлар учун дуал таълим шаклида мактабгача таълим йўналишида тўлов-шартнома асосида бакалаврлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳрини мустасно қилган ҳолда мактабгача таълим қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман (шаҳар)лардаги тадбиркорлик субъектлари учун қатор имтиёзлар жорий этилмоқда.
Хусусан, мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим ташкилотларининг бўш ер майдонларида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этишга рухсат берилади. Бунда ижара тўловлари 30 йил муддат давомида ундирилмайди, ҳар бир бола учун 9 соатлик иш режимидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларининг бир нафар тарбияланувчисига сарфланадиган харажатнинг 50 фоизи миқдорида электрон давомат асосида давлат-хусусий шериклик битими амал қилиш муддати давомида субсидия берилади.
Мазкур имтиёз қамров даражаси 80 фоиздан паст бўлган туман (шаҳар)ларда 2024 йилдан бошлаб ташкил этилаётган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Мактабгача таълим қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман (шаҳар)лар рўйхати Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда тасдиқланади ҳамда ушбу рўйхат ҳар молиявий йил учун янгилаб борилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА