Давлат дастурида белгиланганган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши, бюджет маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши олдимизга қўйган юксак мақсадларга эришишга, ҳудудлар ривожи, аҳоли фаровонлигини таъминлашга замин бўлади. Шундай экан, Давлат дастури доирасидаги мақсад-вазифалар ижросига масъулият билан ёндашиш ҳар бир ташкилот ва идоранинг ҳамда масъулларнинг муҳим вазифасидир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП ҳамда “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияларининг қўшма йиғилишида 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2022 йил тўққиз ойида бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди. Унда депутатлар иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, таълим, маданият, туризм ва инсон капиталини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратдилар.

— Давлат дастурининг 607 та яхлит ва кичик бандларида назарда тутилган топшириқлардан 337 тасининг ижро муддати 2022 йилнинг февраль-сентябрь ойлари этиб белгиланган, — деди ҳукумат вакили ўз ахборотида. — Шундан 233 та банд ва кичик бандлар тўлиқ бажарилган, 16 тасининг ижро муддати узайтирилган, 82 тасининг ижроси юзасидан тегишли ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилган. Шунингдек, иқтисодиёт тармоқларида барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш орқали келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1,6 баробар ва 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг доллардан ошириш ҳамда “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш учун замин яратиш мақсади бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Халқаро валюта жамғармаси ҳамда Жаҳон банкининг мустақил экспертлари билан биргаликда келгуси йиллар учун бир нечта сценарийли макроиқтисодий прогнозлар ишлаб чиқилди. Инклюзив ва барқарор иқтисодий ўсишга эришиш орқали камбағалликни икки баробарга қисқартириш, иқтисодиётда рақобатни таъминлаш, тадбиркорлик субъектларига тенг шароитлар яратиш, бозор муносабатларига тўлақонли ўтишни жадаллаштириш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар қилинди. Жумладан, 69,3 мингдан зиёд янги савдо ва сервис объектлари ишга туширилган, 1005 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланган, кўчма савдо фаолияти учун 35,3 мингта ер майдонлари аукционга чиқарилган. Шу билан бирга, 6,1 трлн. сўмлик 41 та йирик савдо маркази, 377 млрд. сўмлик 15 та ҳудудий логистика марказлари, йирик туман (шаҳар)лар ҳамда чегараолди ҳудудларда замонавий савдо марказлари, 254 та марказий кўчаларда 10,4 мингта янги савдо-сервис объектларини ташкил этиш орқали 24 соат фаолият юритадиган махсус савдо ва хизмат кўрсатиш кўчаларини ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.
Фракциялар аъзолари партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда муайян соҳалардаги ишларга алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, ЎзМТДП фракцияси аъзолари таълим тизимидаги дастурий вазифалар ижросига тўхталар экан, нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи ташкилотларга шароит ва имкониятларни кенгайтириш орқали уларнинг улушини 2022 йилда 3 фоизга етказиш бўйича амалий чора-тадбирлар режасига асосан ҳисобот даврида нодавлат таълим фаолияти билан шуғулланиш учун 260 та лицензия берилганини, нодавлат таълим ташкилотлари сони 17 фоизга ўсиб, 5 минг 779 тага етганини эътироф этдилар.

— Таълим мамлакатнинг бугуни ва эртасини белгилайдиган муҳим соҳа, — дейди фракция аъзоси Зумрад Бекатова. — Шу боис мазкур соҳа ривожи доимий эътиборда бўлиши лозим. Бу борада ҳисобот даврида муайян ишлар амалга оширилган. 2026 йилга қадар ўқув дастурлари ва дарсликларни илғор хорижий тажриба асосида тўлиқ қайта кўриб чиқиб, амалда жорий этиш мақсади бўйича миллий ўқув дастурига асосан 2022-2023 ўқув йили учун 296 номдаги янги дарсликлар, машқ дафтарлари, ўқитувчи методика китоблари яратилган. 2021-2022 ўқув йилида яратилган дарслик, машқ дафтари ҳамда ўқитувчи учун методик қўлланмалар Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятининг 11 та тумани, 14 та таянч тажриба-синов мактабларида 84 та экспериментатор ўқитувчилар ёрдамида тажриба-синовдан ўтказилганини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Муҳокамаларда фракциялар аъзолари Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ижобий ишларни эътироф этиб, айрим бандларнинг бажарилиши кечикаётганини танқид қилдилар ва тегишли таклиф-тавсияларини билдирдилар.
Якунда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастурининг 9 ойлик ижроси юзасидан ҳисоботи маъқулланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА