Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нодавлат таълим соҳасидаги асосий эътирозлар аниқланди
15:09 / 2025-12-17

Рақобат қўмитаси томонидан нодавлат таълим хизматлари соҳасида истеъмолчи мурожаатлари бўйича тизимли мониторинг ва таҳлил ишлари олиб борилмоқда. Аҳолидан келиб тушаётган эътирозлар доимий назоратга олиниб, мурожаатлар ўрганилмоқда.

Таҳлил натижасига кўра, 2024-2025 йиллар давомида нодавлат таълим хизматлари бўйича 1 200 га яқин мурожаат қабул қилинган.  

Уларнинг асосий қисми  “NEWTON ACADEMY”, “NewTone school”, “MyTeacher” онлайн инглиз тили курси, “Prep.uz” онлайн рус тили курси,  “Бадавлат аёл” лойиҳаси, “Qadam Education” ўқув маркази, “Lerna”, “Skillbox”, “Geekbrains”,  “Interno Edu” МЧЖ, “Englify” МЧЖ, “Niyat Education”, “Sevenedu” онлайн тил маркази каби ўқув марказлари ва онлайн таълим платформалари фаолиятига тааллуқли экани аниқланган.

Мурожаатлар таҳлилига кўра, қатор нодавлат таълим хизматларида таълим сифати қониқарсизлиги, кўрсатилмаган хизматлар учун тўлов ундирилиши, шартнома шартлари ва пулни қайтариш тартиби бўйича етарли маълумот берилмаслиги  каби ҳолатлар кузатилмоқда.

Шунингдек, “Uzum Nasiya”, "Shaffof moliya”, “Paylater” ва бошқа муддатли тўлов платформалари орқали тузилган шартномаларни бекор қилишда қийинчиликлар юзага келаётгани, рекламада берилган ваъдалар амалда бажарилмаётгани ҳақида ҳам эътирозлар билдирилган.

Қўмита юқоридаги каби таълим марказларини қонунчиликка, лицензия талабларига, шу жумладан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчиликка риоя этишга чақирган ҳолда ҳар қандай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик назарда тутилганлигини эслатиб ўтади. Нодавлат таълим хизматларидан фойдаланишда хизмат кўрсатувчининг фаолияти, лицензияси ва рухсатномаларини олдиндан текшириш, шартнома шартлари, айниқса, тўлов ва пулни қайтариш тартибини диққат билан ўрганиш  зарурлигини таъкидлайди.  

Шунингдек,  шартнома имзолаш (онлайн тасдиқлашга)га ва тўловни амалга оширишга асло шошилмасликка, интернетда фаол реклама қилаётган, синовдан ўтмаган хизмат кўрсатувчиларнинг ваъдаларига ишониб қолмасликка чақиради.

Нигора Раҳмонова, ЎзА