Эндиликда фарзандлари нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларда таълим-тарбия олаётган ота-оналарнинг ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловлари даромад солиғидан озод қилиниши мумкин. Бундан ташқари, талабалар томонидан олий таълим муассасалари ҳудудида пуллик ўқув курслари, спорт тўгараклари ва бошқа хизматлар ташкил этилган тақдирда, уларни ушбу фаолият учун даромад солиғидан, қишлоқ жойларда мобиль алоқа компанияларининг антенна-мачта иншоотлари ва улар эгаллаган ерлар мулк ва ер солиғидан озод қилиниши белгиланмоқда.
Ушбу тартиблар назарда тутилган “Солиқ ва божхона қонунчилиги, шунингдек, солиқ ва божхона имтиёзларининг қўлланилишини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси солиқ ва божхона қонунчилигида белгиланган тегишли имтиёз ва мажбуриятларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган. Унда мобиль алоқа хизматлари унун акциз солиғи ставкасини 15 фоиздан 10 фоизга тушириш, 2027 йил 1 январга қадар меҳмонхона объектлари ва майдони 5 минг квадрат метрдан юқори бўлган савдо комплекслари бўйича тадбиркорлик субъектлари учун мулк ва ер солиғи ставкаларини 90 фоизга камайтириш таклиф қилинмоқда.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган нормаларни қизғин муҳокама қилиб, сўнг қонун лойиҳасини маъқулладилар.
Шунингдек, йиғилишда “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, қонун лойиҳасида географик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш тўғрисидаги таклифларни тайёрлашда мазкур географик объект жойлашган ҳудудда яшовчи маҳаллий аҳолининг фикрини ҳам ҳисобга олиш белгиланмоқда.
Фракция аъзолари йиғилишда кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан ўз таклифларини, мулоҳазаларини билдириб, якунда тегишли қарорларни қабул қилдилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА