Бугун Ўзбекистон Экологик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикасининг “Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан амалдаги “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонунга бир қатор янги моддалар ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Жумладан, нодавлат суд экспертларининг ҳуқуқий мақоми белгиланмоқда.
Бу ўз навбатида, давлат суд экспертиза муассасаларининг мавжуд иш юкламаси камайишига, ҲМҚОнинг малакали суд экспертизаси хулосаларига бўлган эҳтиёжларини тўлиқ қондирилиши ҳамда фаолиятда рақобатни қарор топтиришга хизмат қилади.

Шунингдек, суд-экспертлик фаолиятининг янада ишончлилигини ошириш мақсадида аккредитация ва валидация институтлари жорий этилмоқда.
Суд-экспертиза муассасалари (ташкилотлари), суд экспертлари ҳамда суд-экспертиза тадқиқотларида фойдаланиладиган услубиётлар рўйхатининг давлат реестрини юритиш йўлга қўйилмоқда.
Давлат суд-экспертиза муассасалари экспертлари ҳамда нодавлат суд экспертларининг фаолияти юзасидан эксперт-малака комиссиялари тузилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳаси билан соҳага оид яна бир қатор ўзгариш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Муҳокамаларда депутатлар қонун лойиҳасининг муҳимлигини қайд этиб, бир қатор таклиф ва тавсиялар бердилар.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА