Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг сайловлардаги иштироки қандай бўлади?
15:35 / 2024-09-18

Андижонда “Янги Ўзбекистондаги сайловлар – демократик жараёнлар кўзгуси” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлими ҳамда Андижон вилояти бўйича сайлов жараёнларида тарғибот-ташвиқот ишлари ва жамоатчилик мониторингини амалга ошириш бўйича гуруҳ ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар вакиллари иштирок этди. 

Семинарда сайловларга тайёргарлик жараёнлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг сайловлардаги иштироки, жамоатчилик мониторингини ташкил этиш масалалари, шунингдек, сайлов жараёнида имконияти чекланган фуқаролар учун яратиладиган шарт-шароитлар хусусида сўз юритилди. Янгича сайлов жараёнлари, мажоритар-пропорционал тизим мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида маълумотлар берилди. 

Семинарда Андижон вилояти бўйича сайлов жараёнларида тарғибот-ташвиқот ишлари ва жамоатчилик мониторингини амалга ошириш бўйича гуруҳ аъзоси, “Меҳримиз Сизга” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази директори Холидахон Мирзараҳимованинг “Янги Ўзбекистондаги сайловлар – демократик жараёнлар кўзгуси”, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари ўринбосари Адҳамжон Узоқжоновнинг “Сайлов тизимларини демократлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари”, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлими раҳбари Шерзодбек Валиевнинг “Нодавлат нотижорат ташкилотларининг сайловлардаги иштироки”, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Андижон вилоят бўлими раҳбари Ойбек Абдураҳмоновнинг “Сайловлар жараёнида имконияти чекланган шахслар учун яратиладиган шароитларнинг муҳим жиҳатлари” мавзусидаги маърузалари тингланди. 

– Жорий йил октябрь ойида бўлиб ўтадиган сайловлар юртимизда демократик принципларнинг қарор топиши ва жамиятимиз ривожида муҳим аҳамият касб этади, – дейди Холидахон Мирзараҳимова. – Шу боис, ўтадиган сайловларга нодавлат нотижорат ташкилотлари бефарқ эмас. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида сайлов билан боғлиқ барча жараёнлар тартиби белгилаб берилган. Ана шундан келиб чиқиб, нодавлат нотижорат ташкилотлари сайловларнинг адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш бўйича белгиланган тартиблар асосида жамоатчилик мониторингини олиб боради. 

Семинарда сайлов участкаларида имконияти чекланган фуқароларга яратиладиган шарт-шароитлар, уларнинг овоз бериш жараёнида қатнашиши билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилинди. 

Иштирокчилар томонидан маърузалар, сайлов участкаларида ногиронлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. 

Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди. 

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари