Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нодавлат нотижорат ташкилотлари сайлов демократик ўтиши учун нима қилиши керак?
15:33 / 2019-11-01

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат халқимиз ҳаётига дахлдор, балки дунё жамоатчилиги диққат-эътиборидаги масаладир.


Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат халқимиз ҳаётига дахлдор, балки дунё жамоатчилиги диққат-эътиборидаги масаладир.

Мамлакатнинг демократия йўлидан тараққий этиши фуқаролик жамияти институтларининг ривожланишига ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ. Шу боис нодавлат нотижорат ташкилотларининг демократик жараёнлардаги иштирокини ҳуқуқий таъминлаш кун тартибидаги асосий масалалардан ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 октябрдаги “Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида“ги қарори шу йўлда қўйилган салмоқли қадамлардан бири бўлди.

Демократик сайловларни фуқаролик жамияти институтларининг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Хусусан, бу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари алоҳида ўрин тутади. Улар сайловларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминловчи муҳим омил ҳисобланади.

Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг сайловларда иштироки бўйича етарли имкониятлар яратилган. Ушбу имкониятларни билиш ва улардан кенг фойдаланиш нафақат сайловларнинг демократик руҳда ўтишига, балки мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг ривожланишига ҳам туртки бўлади.

Партиялар – сайловларнинг локомотиви. Айнан улар орқали номзодлар кўрсатилади, сиёсий рақобат муҳити юзага келтирилади ва турли табақаларнинг сиёсий қарашлари ифодаланади. Партиялар ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали сиёсий жараёнларда иштирок этадилар.

Конституциянинг 58-моддасига кўра, давлат жамоат бирлашмаларининг манфаатларини таъминлайди, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради.

Сайлов кодексида ННТ ва жамоат бирлашмаларининг сайловлардаги иштироки аниқ белгилаб берилган. Хусусан, Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларига жамоат бирлашмалари ва ташкилотларнинг вакиллари ҳам таклиф этилади.

Участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар ҳам фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан кўрсатилади.

ННТлар сайловолди ташвиқот ишларида, овоз бериш, сайлов натижаларини ҳисоблашда бевосита иштирок этишлари мумкин.

Кодексга кўра, Марказий сайлов комиссияси имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳини тузиши мумкин. Эксперт гуруҳи таркибига давлат органлари қатори фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳам жалб этилади.

Имзо варақаларини текширишда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари иштирок этади. Партияларга сайлов жараёнларида тенг шароитлар яратилган.

Буларнинг барчаси сайлов жараёнлари устидан фуқаролик жамияти институтларининг кузатув олиб бориши, назорати ва сайловларда фаол иштирок этишини кўрсатади. Муҳими, бу сайловнинг демократик тарзда ўтишига хизмат қилади. 

Зафар МУСТАФОҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлиги масъул ходими.