Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нодавлат нотижорат ташкилотлари аҳоли муаммоларини ўрганиб, асосли таклифлар бериши керак
15:36 / 2021-02-24

Фуқаролик жамияти энг аввало ижтимоий муносабатлар жараёнида ўз аксини топиб, мамлакатда демократия, ҳуқуқий давлат ва шахс эркинликларини таъминлашнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилади.

Дарҳақиқат, “учинчи сектор” дея эътироф этилаётган фуқаролик жамияти институтларининг янада ривожланишига эришиш, амалга оширилаётган ислоҳотларимизнинг очиқ-ошкоралиги ва самарадорлигини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Айтиш керакки, бу борада қатор натижаларга ҳам эришилмоқда. Жамиятда нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг барча соҳалардаги бевосита иштироки таъминланди, кўппартиявийлик тизими вужудга келди. Фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий маданияти юксалиб бормоқда.  

“Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг ҳаётга изчил татбиқ қилиниши натижасида фуқаролик жамиятининг турли хил институтларининг шаклланиши ва ривожланиш жараёни бормоқда. Бунда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини тартибга солиш, уларни қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда уларнинг ролини оширишга қаратилган 200 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.

Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг ХIII бобида ҳам мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг эркин ва фаол ҳаракат қилишлари, фуқаролик жамияти яратилиши учун тўла ижтимоий-ҳуқуқий асослар яратилган.

Фуқаролик жамиятини ривожланишининг муҳим омилларидан бири – бу ижтимоий шерикликни ривожлантириш. Ижтимоий шериклик айнан маҳаллий ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйишда намоён бўлади.  

Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида, бугунги кунда Қашқадарё вилоятида 590 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият олиб бораётган бўлиб, шундан, тадбиркорлик ва фермерлик соҳасида 41 та, соғлиқни сақлаш ва экология соҳасида 35 та, спорт соҳасида 92 та, ёшлар билан ишлашда 84 та, хотин-қизлар ва фахрийларни қўллаб-қувватлашда 22 та, ҳуқуқий хизматлар учун 48 та, фавқулодда ҳолатлар соҳасида 30 та, халқ ҳунармандчилиги, тарихий-маданий ва маърифий соҳада 60 та, ОАВ ва журналистика йўналишида 1 та, имконияти чекланган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида 33 та, фан, таълим соҳасида 8 та, сиёсий партиялар ва касаба уюшмалари 130 та, миллатлараро муносабатлар соҳасида 6 тани ташкил этади.

Ушбу нодавлат ташкилотларнинг 40 фоизи шаҳарда, 60 фоизи эса қишлоқ жойларида фаолият олиб бормоқда.

Ўтган 2020 йилда амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилинганда, вилоятда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотларидан 150 таси ижтимоий шериклик асосида 120 дан ортиқ давлат дастурлари, ҳамкорликдаги қўшма қарорлар, чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқишга жалб қилинган.  

Ҳозирги кунга қадар нодавлат нотижорат ташкилотлар ва давлат ташкилотлари ўртасида таълим, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, бандлик ва бошқа йўналишларда 90 дан ортиқ келишув, битим ва меморандум имзоланиб, ижтимоий шериклик асосида ижроси таъминланмоқда.

Нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан ҳозирги кунда 5 та давлат ижтимоий буюртмаси, 3 та халқаро грант лойиҳалари бўйича ишлар юқори савияда ташкил этилаяпти. Ушбу лойиҳалар доирасида 500 дан ортиқ ишсиз ёш, хотин-қизлар ўз касбий кўникмаларини оширган ҳолда, доимий иш фаолиятини йўлга қўйишига кўмаклашилди, 4 минг 800 нафардан ортиқ фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Ўтган 2020 йил давомида Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловларида вилоятдан 69 та ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўзларининг ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳалари билан иштирок этган. Парламент комиссияси қарорларига мувофиқ, ғолиб деб топилган 14 та лойиҳа учун жами 524 миллион сўм миқдоридаги маблағ молиялаштирилди.  

Грант лойиҳалари бажарилиши натижасида 41 та иш ўринлари ташкил этилиб, аҳоли вакилларининг 200 дан ортиқ ижтимоий-иқтисодий масалалари ҳал этилишига эришилди.

Бу эса, давлат аҳамиятига молик муҳим ва долзарб вазифаларни бажаришда нодавлат нотижорат ташкилотлар ёрдамидан фойдаланилаётганлиги, бу орқали мавжуд муаммолар бартараф этилаётганидан далолатдир.

Ҳозирги кунда нодавлат нотижорат ташкилотларининг олдида катта вазифалар турибди. Зотан, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш жараёнида аҳолининг бевосита фаол иштирокини таъминлаш айнан нодавлат нотижорат ташкилотларининг муҳим вазифаларидандир.  

Президентимиз таъкидлагани каби: “Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган муаммоларга давлат идоралари эътиборини қаратиб, ўзларининг асосланган таклифларини бериб боришлари мақсадга мувофиқдир”.

 

Даврон Шодмонов,

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати  

Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари