Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари карантин даврида қандай фаолият юритмоқда?
19:10 / 2020-06-25

Мазкур муассасада болажонларнинг маънан етук ва жисмонан соғлом бўлиб ўсиши, замонавий билим олиши учун барча шароитлар яратилган.


Пойтахтимиздаги қатор нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари қаторида жорий йилнинг 15 июнидан бошлаб Мирзо Улуғбек туманидаги “Танзиландия” нодавлат МТT ҳам фаолиятини бошлади.

Мазкур муассасада болажонларнинг маънан етук ва жисмонан соғлом бўлиб ўсиши, замонавий билим олиши учун барча шароитлар яратилган. Ҳозирда боғчада карантин чекловлари бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда.

– Фаолиятимизни тиклашдан олдин Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги Мирзо Улуғбек тумани бўлимидан рухсатнома олдик, – деди муассаса раҳбари Шерзод Пардаев. – Боғчамизда коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш учун барча шароитлар яратилди. Хусусан, ишни муассасамиз ҳудудида жойлашган бино ва иншоотларни дезинфекция қилишдан бошладик. Ходимларимиз мазкур инфекция бўйича тўлиқ текширувдан ўтказилди. Кириш-чиқиш жойларини дезинфекция тоннеллари, инфрақизил нурли термометр ва дезинфекцион тўшамалар билан жиҳозладик.

Муассасада тарбиячилар тиббий ниқоб ва қўлқопдан фойдаланади ҳамда ижтимоий масофани сақлаган ҳолда вазифасини бажаради. Тана ҳарорати юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ходим ва тарбияланувчилар бинога киритилмайди. Тарбияланувчиларнинг тана ҳарорати кун мобайнида уч маротаба текширилади. Болалар сайр ва қўшимча тўгаракларга чиққан пайтда ҳар бир хона кварц чироғи ёдрамида вирусдан зарарсизлантирилиб, шамоллатилмоқда.

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан татбиқ этилган “Илк қадам” дастурига мувофиқ, барча тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек, қўшимча таэквондо, шахмат, спорт гимнастикаси, бадиий гимнастика, профессионал сузиш, футбол, ментал арифметика, хореография ва инглиз тили тўгараклари ҳам карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда фаолият юритмоқда.

– Ўғлим Иброҳимжон “Танзиландия” боғчаси очилгандан буён қатнайди, – деди Дилрабо Турсунова. – У 2-3 ёшлилар гуруҳига боради. Карантин даври енгиллашгандан сўнг боғчамиз фаолияти тикланганидан хурсанд бўлдим. Чунки бола ҳаётида боғчанинг ўрни бўлакча. Эрталаб фарзандимни ниқоб тақдирган ҳолда олиб келаман. Муассаса ходимлари унинг ҳароратини текшириб, қўлларини антисептик воситалар билан дезинфекция қилади ва ундан сўнг дезинфекция тоннеллари орқали олиб киришади. Кечқурун ҳам боламни менга ҳудди шундай тартибда топширади.

Оддий ҳаётий ҳақиқат шуки, мамлакатимизда ёш авлод учун яратилаётган бундай қулай шароит ва эҳтиёткорлик чора-тадбирларида соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш мақсади мужассамдир. Ўйлаймизки, бу саъй-ҳаракатлар фарзандларимизнинг ўзига бўлган талабчанликни оширишга, уларнинг соғлом ва зийрак бўлиб улғайишига ҳам хизмат қилади.