Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нодавлат архивлар фаолияти самарадорлиги оширилади
09:54 / 2023-09-05

Архив ҳужжатлари халқимизнинг маънавий ҳаётини, юртимизнинг тарихий, илмий ва маданий жиҳатларини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ҳам мамлакатимизда архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш, шунингдек, Миллий архив фондини бойитиш борасида ижобий ишлар амалга оширилди. Архив иши ва иш юритиш соҳасида зарур инфратузилма яратилди.

Парламент қуйи палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида архив фаолияти билан боғлиқ бўлган ҳужжат — “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.  

— Архивлар мамлакатимиз тарихи, халқимиз ўтмиши ва ҳаётига дахлдор бўлган ҳужжатлар сақланадиган муҳим маскан, — дейди фракция аъзоси А.Акромов. — Юртимизда тадбиркорлик субъектлари учун архив ҳужжатларининг тўлиқлиги, уларни ҳисобга олиш ва сақлашга қўйиладиган талаблар соддалаштирилди. Архив ҳужжатлари муддатлари қайта кўриб чиқилиб, уларнинг узоқ муддат сақланиши лозим бўлган турлари қисқартирилди. Шу билан бирга, бугунги кунда нодавлат электрон архивлар ташкил этишни тартибга солувчи тартиб-таомилларни соддалаштириш зарурати мавжуд. 

Мазкур қонун лойиҳаси билан ҳужжатларни электрон архивлаш (сақлаш) хизматларини кўрсатувчи нодавлат архивларнинг маълумотлар узатиш тармоқлари хизматларини кўрсатиш учун лицензия олиш талабини хабардор қилиш тартиб-таомилига ўтказишни назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда. Қайд этиш жоизки, қонун лойиҳаси нодавлат архивлар фаолиятини ташкил этиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.    

Йиғилишда фракция аъзолари партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдириб, қонун лойиҳасини қўллаб-қувватладилар. Кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам қизғин муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.    

 

М.Комилова,

ЎзА