Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ночор оиладан олиб қўйилган уй эгасига қайтарилди
12:47 / 2021-04-28

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Сурхондарё вилояти Бойсун туманида яшовчи ногирон фарзанди бор, ёлғиз она Х.Й томонидан уй-жойи асоссиз тортиб олинаётгани бўйича мурожаат келиб тушган.

Кам таъминланган оилалар рўйхатида турувчи фуқаро Х.Й ўз мурожаатида фарзандларидан бири 2-гуруҳ ногирони эканлигини билдирган. Шунингдек, мурожаат муаллифи ногиронлиги бўлган боласига алоҳида парвариш кераклиги сабабли рўзғорни фарзанди учун бериладиган нафақа пули орқали тебратишини билдирган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизматининг маълум қилишича, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова ушбу мурожаатни назоратига олган. Ҳолатни ўрганиш давомида ушбу оилага 2018 йилда Бойсун тумани ҳокимлиги томонидан ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида сертификат асосида намунавий уйлардан бири берилгани аниқланган. Лекин фуқаро ойлик кредит тўловларини тўлашга қўли калталик қилгани сабабли 3 ойдан сўнг турар жой олиб қўйилган. Ёлғиз онанинг сўзларига кўра, унга карантин даврида ҳам ҳокимлик томонидан моддий ёрдам кўрсатилмаган.

Мазкур мурожаат юзасидан Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Сурхондарё вилояти ҳокимлигига мурожаат қилиб, фуқаронинг турмуш шароитини инобатга олиб, унинг муаммоларини зудлик билан ҳал этилиши ва мунтазам равишда ушбу оилага моддий ёрдам кўрсатилишини сўраган.

Натижада уйи тортиб олинган фуқаронинг уй учун тўлаши керак бўлган жами 19 миллион сўм вилоят ҳокимлигининг ҳомийлик маблағлари ҳисобидан тўлаб берилди. Шунингдек, мурожаатчи “Темир дафтар”га киритиш орқали уни доимий равишда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланишига эришилди.