Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманидаги "Нуробод" маҳалласида истиқомат қилувчи Абдувоит Тошпўлатов ўз томорқасида ноанъанавий экин — бамия етиштиришни муваффақиятли йўлга қўйди. У 7 сотих ерда бамия, 2 сотих ерда эса ҳинд анори экиб, яхши натижаларга эришган.
– Бамия уруғини жиянимиз Саудия Арабистонидан олиб келиб, экишни тавсия қилди, – дейди Абдувоит Тошпўлатовнинг турмуш ўртоғи Гулбаҳор Тошпўлатова. – Илгари бу ерда картошка ёки чорва учун озуқа экардик. Кўп даромад келтирмаса-да, рўзғоримизга етар эди. Бу йил эса бамия нафақат гўзал гуллари билан кўзни қувнатмоқда, балки меваси орқали хонадонимизга даромад ҳам келтирмоқда.

Зулайҳо Тошпўлатованинг айтишича, ҳозирча Сайхунободда бамиянинг харидори кўп эмас, аммо Тошкентда унга талаб катта. Қисқа муддат ичида бамиядан 20 миллион сўм, ҳинд аноридан эса тахминан 15 миллион сўм даромад олишга муваффақ бўлишган.
– Бамия шунчаки ўсимликдек туюлиши мумкин, лекин унинг гули, меваси ва уруғида жуда кўп фойда бор. Уни таом сифатида истеъмол қилиш ҳам жуда мазали, – дейди у. – Жияним унинг ватани Осиё, Африка ва Жанубий Европа эканлигини айтган эди.

Бамия ташқи кўринишдан ғўзага ўхшайди. Унинг мевасида углеводлар, оқсиллар, темир, кальций, витамин С, магний, рибофлавин, ниацин каби моддалар мавжуд. У нафақат сабзавот сифатида, балки саноатда ҳам кенг қўлланилади. Қуритилган уруғидан қаҳва ўрнида фойдаланиш мумкин. Шунингдек, гул ва меваларидан биоабсорбентлар ҳамда қоғоз саноати учун хомашё олиш мумкин.
Абдувоит Тошпўлатов бамия меваларининг соғлиқ учун фойдали жиҳатларини алоҳида таъкидлади:
– У ошқозон-ичак касалликлари, қон босимини меъёрлаштириш, гипертония, асаб тизимини мустаҳкамлаш, қондаги қанд миқдорини пасайтириш, бепуштлик, геморрой, ошқозон яралари, юрак-қон томир томир тизими, астма, йўтал, томоқ оғриғи ва саратон касалликларига қарши курашда фойдали. Шунингдек, кўриш қобилиятини яхшилайди ва ортиқча вазндан халос бўлишга ёрдам беради.

Эътиборли томони, хонадон соҳибаси Зулайҳо Тошпўлатова бир неча йиллардан бери қандли диабетдан азият чекар эди. Унинг айтишича, бамияни мунтазам истеъмол қилиш саломатлигига ижобий таъсир кўрсатган.
Маҳалла раиси Фарҳод Эргашевнинг таъкидлашича, Абдувоит ака ва Зулайҳо опа нафақат меҳнатсевар, балки маҳаллада "Фаол томорқачи оила" сифатида намуна ҳамдир.
– Улар фақат ўз рўзғорини таъминлаш эмас, балки бамияни маҳаллий аҳолига танитиш, кенг тарғиб этиш ниятида ҳаракат қилишмоқда, – дейди Фарҳод Эргашев. – Бугун бамияни экишга қизиқувчилар сони ошиб бормоқда.

"Нуробод" маҳалласида 911 та хонадонда 5152 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада асосий иқтисодий фаолият деҳқончилик, чорвачилик ва паррандачиликдан иборат. Йил бошида 163 та оила камбағаллар рўйхатида бўлган бўлса, бугунга келиб улар сони 109 нафарга камайди. Бунга аҳолининг тадбиркорликка қизиқиши ва бамия каби ноанъанавий экинлар етиштиришга ўтгани сабаб бўлмоқда.
– Абдувоит Тошпўлатов хонадонида бамия етиштирилаётгани сингари, бошқа оилалар ҳам турли экинлар, чорвачилик, асаларичилик йўналишларида имтиёзли кредитлар ёрдамида иш бошлашмоқда. Мақсадимиз — йил охирига қадар камбағаллик рўйхатидан яна кўпроқ оилани чиқариш, – дейди маҳалла раиси.
Абдувоит ака ва Зулайҳо опанинг режалари катта.
– Бу йил 7 сотих ерда бамия етиштирдик. Келгуси йили 1 гектарча ер олиб, унда бамия, ҳинд анори ва бошқа ноанъанавий экинлар етиштириб, ички бозорга чиқишни ният қилдик, – дейди улар.
Яна бир диққатга сазовор жиҳат — дастлаб бамия ва ҳинд анорининг ҳар бир килоси 60–70 минг сўмдан сотилган бўлса, ҳозирда истеъмолчиларга 20–25 минг сўмдан етказиб берилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири