Ноқонуний қурилмалар учун ер ажратишга масъул раҳбарларга чора кўриш керак
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида қўмита раиси Қутбиддин Бурхонов магистрал газ қувурларининг ҳимоя зоналаридаги ноқонуний қурилмалар ҳақида гапирди.
Магистрал газ қувурларининг ҳимоя зоналарида ноқонуний қурилмаларнинг мавжудлиги аҳолининг ҳаёти ва мол-мулки, атроф-муҳит, турли объектлар, газ қувурлари ҳамда ускуналари хавфсизлигига жиддий таҳдидлардан биридир.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида қўмита раиси Қутбиддин Бурхонов магистрал газ қувурларининг ҳимоя зоналаридаги ноқонуний қурилмалар ҳақида гапирди.
– 2020 йилнинг 1 октябрь ҳолатига магистрал газ қувурларининг ҳимоя зоналарида аниқланган ноқонуний қурилмалар сони 2 минг 425 тани ташкил қилади. Уларнинг 1 минг 492 тасини бузиш ёки бошқа жойга кўчириш масаласида судларга киритилган даъво аризаларининг 787 таси қаноатлантирилган бўлиб, Мажбурий ижро бюроси томонидан атиги 178 таси ёки 22,6 фоизининг ижроси таъминланган. Аниқланган ноқонуний қурилмаларни бузиш ёки бошқа жойларга кўчириш бўйича суд органларига ўрнатилган тартибда даъво аризаларини тақдим этиш ва уларни таҳлил қилиб бориш ишлари “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Ноқонуний қурилмаларни бузиш ёки бошқа жойларга кўчириш бўйича суд органларига ўрнатилган тартибда даъво аризаларини тақдим этишда, биринчи навбатда, ноқонуний қурилмалар учун ер ажратишда масъул бўлган мутасаддиларга, туман ҳокимликларига нисбатан чора кўриш лозим.
Яна бир жиҳат. “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти фойдаланишдаги аксарият магистрал газ қувурларини техник ва маънан эскирганлиги, уларнинг диагностикаси ва техник соз ҳолатда сақлаш ишларини лозим даражада олиб бормаётганлиги натижасида авария содир бўлиш эҳтимоли жуда юқори бўлишига қарамасдан, захира қувурлар билан таъминлаш режаси ҳам тўлиқ бажарилмаган, – деди қўмита раиси.