Ноқонуний текшириш ўтказган солиқ инспектори жарима тўлади
Пандемия шароитида тадбиркорлар турли қийинчиликларга дуч келди, айримларининг фаолияти тўхтаб қолди.
Пандемия шароитида тадбиркорлар турли қийинчиликларга дуч келди, айримларининг фаолияти тўхтаб қолди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида Самарқанд вилоятида 37019 корхона ва ташкилот (деҳқон ва фермер хўжаликларисиз) рўйхатга олинган бўлса, шундан 94 фоизи фаолият кўрсатиб, 6 фоизи ишламаётган корхоналар таснифига ўтказилган.
Уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва фаолиятини тиклаш мақсадида Президентимизнинг бу борадаги фармонлари ва республика махсус комиссиясининг қарори асосида савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда.
Мавжуд тартибга кўра, савдо-саноат палатаси ишбилармонлик ҳамда инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган ёки улар ривожланишини чеклаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўз кучини йўқотганлик тўғрисида таклифлар, давлат божисиз судга даъво аризаси киритиш, мансабдор шахсларнинг қарор ва уларнинг ҳужжатларига шикоят қилиш ва бошқа қатор ҳуқуқларга эга.
2019 йил 1 апрелдан текширувлар ўтказилиши устидан назорат Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан амалга оширилмоқда. Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган текширувлар ноқонуний ҳисобланиб, бундай текширувларни амалга оширган органлар ва мансабдор шахсларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш назарда тутилган.
Жорий йилнинг 8 ойида тадбиркорлик субъектларида таҳлил ва текшириш ўтказган мансабдор шахслардан 18 нафари суд қарори билан маъмурий жавобгарликка тортилди.
Хусусан, Тойлоқ туман маъмурий судининг 2020 йил 12 июлдаги қарори билан Ургут туман давлат солиқ инспекцияси бўлим бош инспектори А.Хушвақтов Ургут тумани “Мирзабоғлон савдо сервис” оилавий корхонасида текшириш ўтказганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробари миқдорида жарима ундирилган.
Эгамберди РЎЗИЕВ,
Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.