Шу кунларда аҳолининг дори-дармонларга бўлган эҳтиёжи ошгани сир эмас.
Шу кунларда аҳолининг дори-дармонларга бўлган эҳтиёжи ошгани сир эмас. Шундай пайтда вазиятдан фойдаланиб қолишга уринаётган шахслар учраб турибди. Яъни дори-дармонларнинг ноқонуний савдоси авж олмоқда.
Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Ж.Н. бошқарувидаги “Нексия-2” русумли ҳамда фуқаро Ш.И. бошқарувидаги “Спарк” автомашиналари белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Мазкур автомашиналар юкхонаси ва салонида қоғоз қутиларга солинган хорижда ишлаб чиқарилган, сифатини ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган турли номдаги дори воситалари ва уларнинг ноқонуний реализациясидан олинган 21,4 миллион сўм пул борлиги аниқланди.
Ўтказилган кенг қамровли тезкор-қидирув ҳаракатлари натижасида ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олиб қўйилган дори воситаларининг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, салкам 205 миллион сўмни ташкил қилмоқда.
Яна бир ҳолатда Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ходимлари Яшнобод туманида ўтказган тезкор тадбир давомида фуқаро А.Х.ни 23 хил турдаги сифати кафолатланмаган дори воситаларини яширинча пуллаётган вақтида қўлга олди.
Шунингдек, ушбу шахснинг “Ласетти” русумли автомашинаси кўздан кечирилганида, юкхонада тегишли ҳужжатлари бўлмаган 8 хил турдаги дори воситалари борлиги аниқланди.
Тезкор тадбир давомида 731 қути дори воситалар ашёвий далил сифтида олинди. Дорилар қиймати тахминан 50 миллион сўмни ташкил қилади.
Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.