Фарғонада “Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси – демократик жараёнларнинг муҳим омили” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда фуқаролик жамияти институти вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Фарғона вилоятида 800 га яқин ННТлар фаолият юритаётгани, улар Давлат дастурлари ижросини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётгани таъкидланди. Дарҳақиқат, Давлат дастурлари ижросида 2021 йилда 30 та ННТ қатнашган бўлса, 2025 йилга келиб уларнинг сони 50 тага етди. “Меҳр-шафқат”, “Болажон дунёси”, “Соғлом авлод” каби хайрия жамғармаларининг амалий ишларини аҳоли қўллаб-қувватламоқда.

– Уч ой давомида еттита кам таъминланган оилаларга уй-жой қуриб бердик. Ҳиндистонда ўнга яқин жигар церрозига учраган оғир беморларнинг жарроҳлик амалиётини молиялаштирдик, – дейди “Болажон дунёси” хайрия фонди раҳбари Раҳматилло Норматов. – Шу даврда 3 миллиард 887 миллион сўмлик хайрия ишларини амалга оширдик. Жамғарма маблағлари халқимиз, тадбиркорлар, хорижда ишлаётган ватандошларимизнинг хайриялари асосида шаклланади.
Давра суҳбати чоғида ННТлар фаоллигини ошириш, ҳамкорликда кучларни бирлаштириш ва давлат шерикчилигини кенгайтириш зарурлиги ҳам долзарб масалалар қаторида тилга олинди.

– 2025 йилга келиб ўтган даврда қандай натижаларга эришдик, мана шу масалаларни давра суҳбатида муҳокама қилдик, – дейди демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси Санжарбек Раҳмонов. – Ҳар бир идора, давлат ташкилотлари, ҳокимликларни қабул қилинган концепцияга кўра нодавлат нотижорат ташкилотлари билан шерикчилик ўрнатишининг ҳолати ўрганилди.
Бир қарашда ННТлар фаолияти кенг кўламли. Улар фақат вилоят ҳудуди билан чегараланиб қолмаган.

– Нафақат Фарғона вилояти балки Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё, Наманган, умуман барча вилоятлардаги беморлиги бўлган кам таъминланган оила фарзандларига дори-дармон ва даволаш учун моддий ёрдам кўрсатамиз, – дейди жамоат жамғармаси раҳбари. – Бундан ташқари, Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё, Наманган вилоятларидаги уйсиз оилаларга уй-жой сотиб олиб бердик.
Аммо фуқаролик жамиятининг институтлари аслида кенгроқ ва чуқурроқ масалаларга ҳам мурожаат қилишлари лозим. Масалан, ҳалигача халқ депутатлари Фарғона вилоят, шаҳар-туман кенгашлари сессияси кун тартибига ННТ экспертлари бирон масала киритмади ёки кун тартибида муҳокама қилинаётган масалалар юзасидан фикр билдирмади. Вилоятдаги Фарғона тумани Халқ депутатлари кенгашлари тузган экспертлар Кенгаши таркибига ННТ вакиллари киритилмаган. Давра суҳбати давомида бу каби муаммолар ҳам айтиб ўтилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/7jKkWEn-v8c" title="NNTlar faolmi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов