Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ННТ ва фуқаролик жамияти институтларининг роли ортмоқда
16:54 / 2025-09-05

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда миллий давлатчилик асосларини яратиш билан бир қаторда халқ манфаатларини ифодаловчи очиқ фуқаролик жамияти пойдеворини қуришдек мураккаб ва тарихий вазифа кун тартибига қўйилди. Ушбу мақсадга эришишда икки муҳим институт – фуқаролик жамияти ташкилотлари ҳамда эркин ва мустақил оммавий ахборот воситалари ҳал қилувчи ўрин тутади.

Бугунги кунга келиб ушбу тузилмаларнинг ривожланиши ва ўзаро муносабатлари мамлакат демократик қиёфасини, ислоҳотлар халқчиллигини белгилаб берувчи асосий мезонга айланди.

Айниқса, сўнгги йилларда “Жамият – ислоҳотлар бош ташаббускори” шиори остида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар “учинчи сектор”га мансуб ташкилотларнинг ўрни, роли ва мавқеини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Эндиликда улар шунчаки алоҳида фаолият юритувчи тузилмалар эмас, балки жамият ва давлат тараққиёти учун бевосита дахлдор муҳим ижтимоий шерик сифатида майдонга чиқмоқда.

Айтиш жоизки, ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистонда очиқ фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашга қаратилган 200 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар соҳанинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

“Ижтимоий шериклик тўғрисида”, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги қонунлар, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси каби ҳужжатлар фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВнинг жамиятдаги роли ва нуфузини ошириш учун мустаҳкам замин яратди.

Айниқса, янгиланган Конституцияда фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи, бирлашиш эркинлиги каби тамойилларнинг мустаҳкамлаб қўйилиши ННТлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари ривожланиши учун кенг имкониятлар яратиб берди.

Кейинги йилларда жамоат ташкилотларининг сон ва сифат таркиби ҳам бирмунча яхшиланишига эришилди.

Маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, мустақилликнинг дастлабки  йилларида Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ННТлар сони атиги 195 та бўлган бўлса, ҳозирги кунга келиб уларнинг сони 10,4 мингдан ошган. ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтган субъектлар сони 2,2 мингтани ташкил этиб, уларнинг 65 фоиздан ортиғи нодавлат ОАВ улушига тўғри келади.

Бугунги кунда Андижон вилоятидаги 600 дан зиёд ННТлар, 30 га яқин босма ва электрон ОАВ ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида – аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишдан тортиб, экологик муаммоларни ҳал этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашгача бўлган кенг йўналишларда фаол иштирок этиб келмоқда.

Шу ўринда интернет-журналистика ва ижтимоий тармоқларнинг жадал ривожланиши ахборот алмашиш тезкорлиги, фикрлар хилма-хиллиги ва давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

Бинобарин, давлат раҳбарининг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилган асосий йўналиш ва муҳим вазифалар аниқ белгилаб берилди.

Қолаверса, ННТларни давлат гранти, субсидия ва ижтимоий буюртма шаклида қўллаб-қувватлаш ҳажмининг ошиши, улар фаолияти учун ҳудудларда “ННТ уйлари” каби инфратузилмавий шароитларнинг яратилиши ҳамда давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ролининг кучайиши давлат ва жамият ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатлари янги босқичга кўтарилаётганидан далолатдир.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, кейинги 2023-2024 йилларда Андижон вилоятидаги фуқаролик жамияти институтларининг 11 та муҳим ижтимоий аҳамиятли лойиҳаси Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан жами 1 миллиард 185 миллион сўмга молиялаштирилган.

Жорий йилда эса Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди ва унинг Андижон вилояти бўлинмаси томонидан эълон қилинган грант танловида вилоят бўйича 10 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, жами 1 миллиард 243 миллион сўм билан қўллаб-қувватланди.

Кейинги йилларда вилоятда фаолият юритаётган ННТларнинг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик кўлами ҳам бирмунча кенгайди. Чунончи, ўтган йиллар давомида вилоят бўйича фақат битта – “Меҳримиз Сизга” ННТ хорижий грант лойиҳасида иштирок этган бўлса, ҳозирги кунга келиб 10 та, жумладан, 3 та ўз ташаббуси билан ташкил этилган жамоат ташкилоти 15 га яқин халқаро ташкилотнинг хорижий грант маблағлари жалб этилишида қатнашган.

Ушбу муҳим ижтимоий аҳамиятли лойиҳалар асосан қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, касб-ҳунарга ўқитиш, ёшлар фаоллигини ошириш, одам савдоси ва норасмий ташқи меҳнат миграциясининг олдини олиш йўналишларида амалга оширилган.

Хулоса қилиб айтганда, сўнгги йилларда Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш борасида жиддий ижобий тенденциялар кузатилмоқда.

Эндиликда ушбу институтларнинг молиявий барқарорлиги ва мустақиллигини амалда тўлиқ таъминлашга ўтиш жараёнини янада жадаллаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Адҳамжон УЗОҚЖОНОВ,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази

Андижон вилоят ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.

ЎзА