Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистонда инсонпарвар давлат қуришда ННТларнинг фаоллиги ва ташаббускорлиги” мавзуида тадбир бўлиб ўтди. Унда ННТ ташкилотини бошқариб келаётган кадрлар салоҳиятини ошириш долзарб масала эканлиги таъкидланди.
Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида жорий йилда икки босқичда 100 нафар ННТ раҳбарларининг малакасини ошириш режалаштирилган. Бугун мазкур ўқув тадбирининг биринчи босқичи ўз ниҳоясига етди.
— Ўн кун давом этган ўқув машғулотларида тингловчиларга нодавлат ва нотижорат ташкилотлари фаолиятининг жамиятимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини оширишдаги муҳим стратегик мақсад ва вазифалари тўғрисида тўлиқ умумкасбий билимлар берилди. Фаолиятга оид халқаро тажриба бўйича энг замонавий назарий тажрибалар билан таништирилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Адҳам Бекмуродов.
Тадбирда ўқув машғулотларини муваффақиятли тамомлаган 50 нафар ННТ раҳбарларига Давлат бошқаруви академиясининг сертификати топширилди.
Ўз навбатида ННТ раҳбарлари Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси қошида ташкил этилган “Тренерлар штаби” аъзолигига қабул қилинади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА