ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари якунланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида устувор мақсад этиб фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шароитлар яратиш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш белгилангани таъкидланди.
Бу борадаги вазифалардан келиб чиқиб, мамлакатимизда фаолият юритаёган нодавлат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ҳамда институционал тизимини такомиллаштириш мақсадида нодавлат ташкилотларга маҳаллий бюджетдан маблағ ажратишнинг ҳуқуқий асослари яратилиб, ҳар бир ҳудудда алоҳида маҳаллий фондлар ташкил этилди.
Натижада, ННТларнинг фуқаролик жамиятини шакллантириш мақсадида аҳолининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган улуғвор мақсадларини рўёбга чиқариш учун ўтган 2022 йилда давлат томонидан қарийб 113 миллиард сўм маблағ ажратилди. Жорий йил учун эса 220 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, сўнгги 5 йилда нодавлат ташкилотлар фаолиятига қулайликлар яратиш, жамоатчилик назорати таъсирчанлигини кучайтириш, давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик институтларининг ролини оширишга қаратилган 20 дан ортиқ қонунчилик ҳужжати қабул қилинди. Энг эътиборлиси, жорий йилнинг 1 май санасида кучга кирган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида алоҳида "Фуқаролик жамияти институтлари" боби киритилди.
[gallery-11760]
Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарор ва фармонлари ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида жорий йилининг ўзида икки босқичда 75 нафардан, жами, 150 нафар ННТ раҳбарининг малакаси оширилиши режалаштирилган. Биринчи босқичда таҳсил олган 75 нафар ННТлар раҳбарлари учун ташкил этилган 10 кунлик ўқувлар ўз ниҳоясига етди.
Курсда тингловчилар сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни такомиллаштириш ва халқаро тажриба бўйича, давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини самарали ташкил қилиш, иш вақтини оқилона тақсимлаш, инсон ресурсларини бошқариш, шахсий самарадорликка эришиш, бошқарув компетенцияларини ривожлантириш ҳамда Янги Конституцияга киритилган нормалар ижросини таъминлаш масалалари бўйича чуқур билим ва кўникмаларга эга бўлди.
Ўтган ўқувларни муваффақиятли ўзлаштирган 75 нафар ННТ раҳбарига Давлат бошқаруви академиясининг сертификатлари топширилди. Ушбу сертификатни қўлга киритган ННТлар раҳбарлари, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси қошида ташкил этилган "Тренерлар штаби" аъзолигига қабул қилиниб, ҳудудларда ННТ вакиллари учун ўтказиладиган семинарларда иштирок этади ва уларнинг фаолиятини янада яхшилашда, ижтимоий лойиҳалар ёзишда яқиндан кўмаклашади.
Малака ошириш курсининг иккинчи босқичи октябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу босқичда ҳам 75 нафар HHT раҳбари саралаб ўқитилади.
Камола Юсупова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат) ЎзА