Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
НКМК:сарҳисоб ва истиқболдаги режалар
10:37 / 2023-07-28

“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖнинг 2023 йил биринчи ярим йилликдаги якунлари бўйича матбуот анжумани ўтказилди. Унда бош директорнинг иқтисод ва молия бўйича ўринбосари Шуҳрат Аминов, Бюджетлаштириш ва контроллинг бўлими бошлиғи Умиджон Костаев, Жамоатчилик билан алоқалар бўйича директор Холмамат Раупов, ОАВ вакиллари ва журналистлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ жаҳонда олтин ишлаб чиқарувчи йирик компаниялар тўртталигига киради. Комбинат ер ости бойликлари захираларини геологик қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлашдан то тайёр маҳсулот олишгача бўлган ишлаб чиқариш жараёнлари тўлиқ амалга ошириладиган йирик саноат кластеридир.

Комбинат замонавий кон-транспорт ва технологик ускуналар, илғор технологиялар билан жиҳозланган конлар, заводларга эга замонавий корхонадир. Унинг “999,9” софликдаги олтин қуймалари жаҳоннинг қимматбаҳо металлар бўйича биржаларида Ўзбекистоннинг брендига айланган.  

[gallery-12930]

– Ўтган ярим йилликда комбинатда 31,5 триллион сўмдан ортиқ саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди, – деди бош директорнинг иқтисод ва молия бўйича ўринбосари Шуҳрат Аминов. – Ҳисобот даврида олтин ишлаб чиқариш бўйича прогноз кўрсаткичи тўлиқ бажарилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 102,1 фоизни ташкил этди. Бугунги кунда комбинат мамлакатимиздаги энг йирик солиқ тўловчи ҳисобланади. Жорий йилнинг ўтган январь-июнь ойларида 14,1 триллион сўмлик бюджетга тўловлар амалга оширилиб, прогноз кўрсаткич 104 фоизга бажарилди.

Комбинат фаолиятида Инвестицион дастур алоҳида ўрин тутади. Натижада кўплаб янги лойиҳалар ишга туширилмоқда. Ўтган олти ой давомида ушбу дастурга киритилган лойиҳалар доирасида 255 миллион долларлик маблағ ўзлаштирилиб, 868 янги иш ўринлари яратилди.  

 – Корхонада маҳаллийлаштириш дастури доирасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Бюджетлаштириш ва контроллинг бўлими бошлиғи Умиджон Костаев. – Жумладан, мазкур дастурдаги 154  лойиҳа доирасида 324 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва ўтказилган тармоқлараро саноат кооперацияларида 2,5 триллион сўмдан ортиқ маҳсулот харид қилинди.  

Айни пайтда харажатларни мақбуллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ижросининг таъминланиши маҳсулот таннархини 594,2 миллиард сўмга камайтириш имконини бермоқда.

Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ва журналистларнинг саволларига атрофлича жавоблар берилди.  

Абдували Бўриев,  

Сирож Аслонов (сурат), ЎзА