Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
НКМК юксалиш сари дадил одимламоқда
18:11 / 2024-01-25

Сарҳисоб

Ҳар бир йил ўз ниҳоясига етар экан, албатта, сарҳисоб қилинади. Нималарга эришилди-ю, режадаги қай бир юмуш бажарилмай қолди. Келгусида йўл қўйилган хатоларни такрорламасдан, аниқ мақсадлар сари ишни ташкил этиш белгилаб олинади. Бу эса соҳа ривожида муҳимдир. 

“Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти республикамиздаги энг йирик корхоналардан бири бўлиб, айни пайтда турли миллат ва элат вакиллари бир оила бўлиб меҳнат қилмоқда. 

Якунланган йилда ўзининг 65 йиллигини нишонлаган комбинат географик жиҳатдан кенг ҳудудда жойлашган. Навоий, Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикасида ўзининг турли ишлаб чиқариш бўлинмаларига, кон ва шахталарига, 7 та гидрометаллургия заводига эга.

Жаҳоннинг бошқа олтин қазиб олувчи компанияларидан фарқли равишда комбинат геология-қидирув ишларидан тортиб, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришгача бўлган йирик саноат кластери ҳисобланади. Комбинат 2023 йилда жаҳон олтин ишлаб чиқарувчи йирик компаниялар ўртасида 7-ўриндан 4-ўринга кўтарилди. 

Комбинатнинг эллик саккиз йиллик тарихида тўртта завод барпо этилган бўлса, кейинги етти йилда тўртта – 5, 6, 7-заводлар, 2-гидрометаллургия заводининг йилига 12 миллион тонна маъданни қайта ишлайдиган иккинчи навбати фойдаланишга топширилди. 

– Бугунги кунда Навоий кон-металлургия комбинатида 2026 йилгача қимматбаҳо металларни ишлаб чиқаришни ошириш дастури асосида 2017-2023 йилларда 23 та йирик инвестицион лойиҳа ишга туширилиб, қарийб 15 мингта янги иш ўрни яратилди, – дейди “НКМК” АЖ Бюджетлаштириш ва контроллинг бўлими бошлиғи Умиджон Костаев. – Бунинг ҳисобига 2023 йилда 2016 йилга нисбатан олтин ишлаб чиқариш ҳажми 25 фоизга, кумуш ишлаб чиқариш ҳажми 46 фоизга, шунингдек, маъдан қазиб олиш ҳажми 2,3 баробарга, маъданни қайта ишлаш ҳажми эса 1,6 баробарга ошди. Биргина, 2023 йилда комбинатда 67,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати 2022 йилга нисбатан 103,8 фоизга таъминланди. Маҳсулот таннархи 5,6 фоизга камайтирилди, бюджетга 37,3 триллион сўм тўловлар амалга оширилди.

Албатта, корхона ривожида Инвестиция дастурининг алоҳида ўрни бор. Жумладан, 2023 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида 12 та лойиҳа бўйича 473,5 миллион доллар капитал қўйилмалари ўзлаштирилди. 

– Амалга оширилган лойиҳалар натижасида корхонада олтин ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилларга нисбатан сезиларли равишда ошганини кўриш мумкин, – дейди Инвестициялар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олимжон Зарипов. – Улар орасида лойиҳа қиймати 274,7 миллион доллар бўлган “Пистали” конида олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш мажмуасини қуриш (6-ГМЗ)” инвестицион лойиҳаси энг йириги ҳисобланади. Ушбу заводнинг йиллик қуввати 4 миллион тонна маъданни қайта ишлашга тенг. Навоий машинасозлик заводида “Механика-йиғув цехини техник ва технологик қайта жиҳозлаш (1-босқич)” лойиҳаси асосида механика-йиғув цехи ва қўймачилик цехида 25 тонналик замонавий печ ишга туширилди. 

Бундан ташқари, 2-гидрометаллургия заводида рақамлаштирилган ягона бошқарув маркази, “Мурунтов” оҳактош конида майдалаш-саралаш мажмуаси барпо этилди. 

2021-2023 йилларда комбинат тарихида илк бор жамоа кучи билан “Турбай”, “Балпантов” ва “Томдибулоқ” конларини гидрометаллургия заводлари билан боғловчи 82,6 километрлик янги темир йўл линияси барпо этилиб, республикамизда биринчилардан бўлиб “2ТЭ25КМ” русумли 10 та замонавий икки секцияли тепловоз олиб келинди. 

Шунингдек, Томди тумани ҳудудида 504 ўринли ихтисослаштирилган мактаб- интернат ва Қизилтепа тумани “Тўдакўл” дам олиш базасида Халқаро шахмат мактаби қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Иқтисодиётда амалга ошириладиган туб таркибий ўзгаришларнинг муҳим йўналишларидан бири импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни вужудга келтириш ва ривожлантиришдир. Шу боисдан импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш юртимизда янги корхоналар ташкил этилишига ва мавжуд корхоналарнинг иш ҳажми ва даромадлари, маҳсулот сифати ошишига олиб келади.

2023 йилда комбинатда жами маҳаллийлаштириш дастури доирасида 629,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Саноат кооперацияси доирасида маҳаллий корхоналардан 5,5 триллион сўмлик маҳсулот харид қилинди. 

[gallery-15639]

Бугун Навоий машиносозлик заводи маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича Навоий кон-металлургия комбинатининг энг асосий тармоғи саналади. 3,5 минг нафардан ортиқ ишчи-ходим ишлаётган заводда 15 минг турдан ортиқ маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда ва унинг 97 фоизи НКМК эҳтиёжи учун йўналтирилмоқда. 

– Заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1,2 триллион сўмни ташкил этади, – дейди завод директори Жаҳонгир Ҳайитов. – Яқин йилларгача гидрометаллургия заводлари учун кенг ҳажмдаги шарли тегирмонлар четдан жуда катта валюта ҳисобига олиб келинган. Мисол учун, ҳажми 140 метр куб бўлган шарли тегирмонни четдан харид қилишнинг импорт нархи 6 миллион долларга тенг. Бизда эса бу тегирмон ярим нархида ишлаб чиқарилаяпти. Заводимизда кейинги етти йилда ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида қабул қилинган дастурлар ва лойиҳалар асосида 500 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар ўзлаштирилди. Натижада фойдаланишга топширилган 5-, 6-, 7-гидрометаллургия заводи, янги очилган ва ишлаб турган конлар, 2-гидрометаллургия заводи иккинчи навбати, 3-гидрометаллургия заводида замонавий мажмуа, “Мурунтов” кони 5-навбатининг 1-босқичи қурилишида валюта маблағларининг иқтисод қилинишига олиб келди. 

Навоий кон-металлургия комбинатида ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишга қаратилган ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, комбинатда энергия самарадорликни таъминлаш бўйича техник ва ташкилий чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

– Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобига катта ҳажмда электр энергияси ҳамда табиий газни тежашга эришилди, – дейди “НКМК” АЖ бош энергетиги Икромжон Шукурулаев. – Шунингдек, комбинатда қуёш фотоэлектр станцияларини жорий қилиш бўйича ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 1450 кВт қувватли қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилиб, ҳозирда улар томонидан йилига 2,465 млн.кВт/соат қувватга эга электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Шу билан бирга, режага қўшимча равишда 5750 кВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Натижада комбинат маъмурий бинолариниг электр энергияга бўлган эҳтиёжининг 50 фоизидан ортиғи қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан қопланди. 

Айни пайтда инвестиция лойиҳаси асосида “Ауминзо-Амантой” кони яқинида 220 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича Бирлашган Араб Амирликларининг “Tepelen Group Holding Limited” компанияси билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда. Фотоэлектр станцияси ишга туширилгач, йилига 374 млн.кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. 

2023 йилда жами 3346 дона вакуумли қуёш сув иситиш қурилмаси ишлаб чиқарилиб, объектларга ўрнатилиши натижасида уларнинг умумий сони 4 993 тага етказилди. Натижада жорий йилдан бошлаб комбинат объектларининг иссиқ сувга бўлган эҳтиёжи қайта тикланувчи манбаалар ҳисобидан 100 фоизга таъминланди. Бунинг ҳисобига йилига 1,7 млн.м3 табиий газ тежашга эришилади.

Жамоанинг бу йилги режалари улкан. 2024 йилда ҳам комбинат жамоаси йирик лойиҳаларни амалга ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва юртимиз иқтисодиётини янада ривожлантиришга хизмат қилишни ўз олдига мақсад қилишган. 

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари