Ҳар бир йил ниҳоясига етар экан, албатта, сарҳисоб қилинади. Нималарга эришилди-ю, режадаги қай бир юмуш бажарилмай қолди. Келгусида йўл қўйилган хатоларни такрорламасдан, аниқ мақсадлар сари ишни ташкил этиш белгилаб олинади. Бу эса соҳа ривожида муҳимдир.
“Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти республикамиздаги энг йирик корхоналардан бири бўлиб, 46 минг нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилади. Якунланган йил ушбу саноат корхонаси учун муваффақиятли бўлди ва бунинг ортидан жамоа улкан ютуқларни қўлга киритди.
Жумладан, 2022 йил комбинат томонидан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 56,6 триллион сўмга тенг бўлиб, ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 106,2 фоизга таъминланди. Натижада давлат бюджетига 18 триллион сўм миқдорида солиқ ва мажбурий тўловлар, давлат улуши бўйича 15,3 триллион сўм дивиденд тўланди. Харажатларни мақбуллаштириш бўйича амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар маҳсулот таннархини 1,1 триллион сўмга камайтириш имконини берди.
– Ўтган олти йил мобайнида олтин ишлаб чиқариш ҳажми 21 фоиз, кумуш ишлаб чиқариш ҳажми 46 фоизга ошди, – дейди “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти Бюджетлаштириш ва контроллинг бўлими бошлиғи Умиджон Костаев. – Комбинатда 2022 йилда Инвестиция дастури доирасида 486 миллион доллар маблағ ўзлаштирилиб, умумий қиймати 742 миллион доллар бўлган 3 та йирик лойиҳа фойдаланишга топширилди. Комбинат тизимида ўтган йилда 2 095 та янги иш ўрни яратилди. Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда корхонада маҳаллийлаштириш дастури муҳим ўрин тутади. Ўтган йили ушбу дастур доирасида 554,6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариб, тармоқлараро саноат кооператцияси доирасида 4,8 триллион сўм миқдорида маҳсулот харид қилинди.
Комбинатда янги маҳсулот турларини кўпайтириш, саноат кооперациясини кенгайтириш мақсадида, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан “маҳсулотбай” кооперация алоқалари ҳам самарали йўлга қўйилган. Натижада 2022 йил давомида комбинат эҳтиёжи учун технологик ҳамкорлик ўрнатилган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан импорт ўрнини босувчи 410 миллиард сўмдан зиёд маҳсулотлар етказиб берилди. Бунинг ҳисобига кичик корхоналар қувватлари ҳам кенгайиб бормоқда. Сўнгги уч йилда комбинат билан ишлаётган барча кичик корхоналар қуввати ва иш ўрни сони бир неча баробарга ошгани бунинг исботидир.
Комбинат республикада яхши эътирофга сазовор бўлган “шатакка олиш” механизми ташаббускори ҳисобланади. Шатакка олинган корхоналар иқтисодий кўрсаткичлари таҳлил қилинганда, уларнинг маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2022 йилда 2019 йилга нисбатан қарийб 25 баробар ошгани, бунинг натижасида 760 дан ортиқ янги маҳсулот тури ўзлаштирилганини кўриш мумкин.
Навоий машинасозлик заводи маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни тайёрлаш бўйича комбинатнинг асосий тармоғи саналади ва унда қарийб 3,5 минг нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилади.
[gallery-10322]
– Корхонамиз томонидан 2022 йил давомида 113 лойиҳа бўйича умумий қиймати 502 миллиард сўм бўлган импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрланди, – дейди ушбу завод директори Жаҳонгир Ҳайитов. – Иқтисодий кўрсаткичларимиз ҳам шунга яраша салмоқли бўлди ва режаларни ортиғи билан бажариб, йилни ҳар томонлама муваффақиятли якунлашга эришдик. Бугунги кунда нафақат маҳсулот турларини кўпайтириш, балки корхона қувватни кенгайтириш бўйича ҳам муҳим инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш устида ҳам иш олиб бораяпмиз. Айни кунларда қиймати 22 миллион доллар бўлган “Механик йиғув цехини техник ва технологик қайта жиҳозлаш” инвестицион лойиҳаси ва янги цех қурилаётгани бунга яққол мисол бўла олади. Корхонада 2021 йилда ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳисобига қуйма маҳсулотларни тайёрлаш кўрсаткичи 35 минг тоннани ташкил этган бўлса, 2026 йилга бориб 43 минг тоннага етказиш кўзда тутилган. Бунинг учун қиймати 3 миллион доллар бўлган замонавий ва энергия тежамкор асбоб-ускуналарни сотиб олиш режалаштирилган. Заводга ўрнатилган 500 кВт фотоэлектростанцияси ҳар йили ўртача 806 миллион сўмлик электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу қувват эса бино ҳамда иншоотларнинг 70 фоиздан ортиқ эҳтиёжини қоплайди.
“Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятида бугунги кунда жадаллик билан олиб борилаётган йирик инвестицион лойиҳалардан бири - “Пистали” конидир.
Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида металлургия соҳасидаги дастурлар ҳақида тўхталиб, беш йилдан кейин мисни 3 баробар, олтинни эса мамлакатимиз бўйича йилига 150 тоннагача ошириш вазифасини қўйиб, бу соҳадаги йирик лойиҳалар қаторида 2023 йилда “Пистали” кони негизида олтин рудасини қайта ишлаш мажмуаси қурилиши якунланишини таъкидлаган эди.
– Айни вақтда конда биринчи портлатиш ишлари амалга оширилди, – дейди “1-гидрометаллургия заводи” кон бошқармаси директори Норбўта Тошботиров. – Яқин орада йилига 4 миллион тонна олтин маъданини қайта ишлашга мўлжалланган 6-гидрометаллургия заводи ишга туширилади. Мазкур лойиҳанинг ишга туширилиши билан 2 минг кишининг бандлиги таъминланади. Ҳозирда “Пистали” карьери, 6-гидрометаллургия заводи, кон ускуналарини таъмирлаш цехи, ишчилар шаҳарчаси ва мажмуа таркибига киритилган бошқа бир қатор объектларни қуриш ишлари давом этмоқда.
Қиймати 274,7 миллион долларни ташкил этувчи мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши келгусида қазиб олинган маъданни гравитация-сорбцияли схема асосида қайта ишлаб, ундан ярим тайёр маҳсулот олиш имконини беради. “Пистали” конидан эса яқин келажакда 40 миллион тоннадан зиёд маъдан қазиб олиш мўлжалланмоқда. Энг муҳими, лойиҳада кўзда тутилган гравитацион бойитиш ускуналари, сорбцияли танлаб эритиш сиғимлари, Ц-36 русумли қуюлтиргичлар ва насос агрегатлари каби асосий ускуналар Навоий машинасозлик заводида маҳаллийлаштирилган.
Жамоанинг бу йилги режалари улкан. 2023 йилда ҳам комбинат жамоаси йирик лойиҳаларни амалга ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва юртимиз иқтисодиётини янада ривожлантиришга хизмат қилишни ўз олдига мақсад қилган.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА