Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
НКМК қайта тикланувчи энергия манбалари улушини оширмоқда
18:45 / 2025-05-22

Навоий кон-металлургия комбинати ЭИБ – экологик, ижтимоий ва бошқарув стандарти тамойилини фаол равишда амалиётга жорий этмоқда. Бу ҳақда корхона бўлим бошлиғи Борис Самойленко ўз мулоҳазаларини билдирди:

– Халқаро тан олинган “Sustainable Fitch” агентлигидан биринчи ЭИБ рейтингини олиш бизнинг барқарор ривожланиш тамойилига содиқлигимизни тасдиқлайди ва фаолиятимизда айни омиллар интеграциялашуви даражасини акс эттиради.

Мазкур рейтинг заводнинг саноатдаги обрўсига бевосита таъсир қилади, инвесторлар ва халқаро ҳамкорларнинг корхонага ишончини оширади. Шунингдек, масъулиятли корпоратив бошқарув соҳасидаги имижни яхшилаб, шаффофликни оширади.

Амалиёт нуқтаи назаридан бу бизга такомиллашиш йўналишларини аниқлаш, янада барқарор бизнес фаолиятини юритиш имконини беради, кенг қамровли инвестиция дастури учун янада қулай шартларда яшил молиялаштиришни жалб қилиш учун қулай шароит яратади.

Компания фаолияти доирасида БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари ва масъулиятли бизнес тамойилини қўллаб-қувватлайди, муайян ҳудудларни ривожлантиришга кўмаклашади, атроф-муҳитни муҳофаза қилади, ходимлар учун адолатли меҳнат шароитини таъминлайди.

НКМК  “2025 йил Ўзбекистонда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” ташаббусини фаол қўллаб-қувватламоқда. Энергияга эҳтиёжни қоплаш учун қайта тикланадиган манбалар, жумладан қуёш ва шамол электр станциялари улушини оширмоқда, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ва карбонат ангидрид чиқиндисини камайтириш учун ускуналарни модернизация қилиш орқали углерод таъсирини камайтирмоқда.

Қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш орқали комбинат ишонч билан олдинга қадам ташламоқда. 2024 йил охирига келиб ишлаб чиқариш майдонларидаги қуёш фотоэлектр станцияларининг умумий қуввати беш баробар ортди. 2025 йил сўнгида эҳтиёжнинг тахминан 21 фоизи қуёш энергияси ишлаб чиқариш ҳисобига қопланади.

Умуман, иссиқхона гази чиқиндисини имкон даражасида камайтириш жамоа олдидаги устувор вазифалардан бири. Шу мақсадда жорий йил иқлим хавфини бошқариш, хатарлар тўғрисидаги маълумотни ошкор қилишга тизимли ёндашувни таъминлаш ва иссиқхона гази эмиссияси мониторингини олиб бориш бўйича корпоратив иқлим стратегияси ишлаб чиқилмоқда.

Маълумки, НКМК ишлаб чиқариш жараёни жуда кўп миқдорда сув талаб қилади.Компаниянинг йиллик сув истеъмоли 130 миллион куб/метр. Шу боис сўнгги йилларда тоза сув сарфини камайтириш, тозаланган оқава, шахта ва ер ости сувидан технологик жараёнда қайта фойдаланиш, томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш, технологик ускуналар ишини такомиллаштиришга қаратилган дастур изчил амалга оширилмоқда.

2030 йилгача гидрометаллургия заводларида бир тонна рудани қайта ишлашга кетадиган тоза сув миқдорини 0,8 куб/метргача қисқартириш, ишлаб чиқариш жараёнида қайта ишланган, тозаланган ва шахта сувидан фойдаланиш улушини 35-40 фоизгача ошириш режалаштирилган. Бундай чора-тадбирлар Амударёдан олинадиган сувни тежаш имконини беради.

Дастур асосида 2030 йилгача 36 миллион куб/метр тоза сув тежаб қолинади. Сув ресурсларига юклама камайиши ҳисобига экологик барқарорлик таъминланади.

Шунингдек, биз ижтимоий инфратузилма, жумладан мактаб, ўқув дастурлари ва касбий таълимни ривожлантиришга мунтазам сармоя киритамиз, гендер тенглик соҳасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз.

Меҳнат шароитини яхшилаш, иш жойида хавфсизликни ошириш ЭИБ кун тартибининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Ўтган йил 15 000 дан зиёд ходим турли хил масофавий таълим дастурлари бўйича ўқиди, малака оширди.

Барча ходимлар учун мўлжалланган малака ошириш платформаси асосида ўтган йил НКМК томонидан икки йирик ижтимоий иншоот барпо этилди. Навоий вилояти Томди туманида ихтисослаштирилган мактаб-интернат қурилиб, ишга туширилди. “Тўдакўл” дам олиш маскани ҳудудида қад кўтарган Халқаро шахмат мактаби эса мусобақалар ўтказиш учун ФИДЕ томонидан қўйилган талабларга жавоб беради.

Навоий кон-металлургия комбинати бугунги кунда Халқаро кончилик аёллар ташкилоти (IWiM)га аъзо. Мазкур халқаро тузилма билан ҳамкорлик келгуси тажриба алмашиш ва ЭИБ бўйича узоқ муддатли стратегиямиз ва мақсадларимиз доирасида аёллар ҳуқуқи ва имкониятини кенгайтиришда илғор халқаро тажрибадан фойдаланиш учун зарур алоқалар ўрнатиш имконини берди.

Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА