“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ да “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг олти ойлик ижросига бағишланган брифинг ўтказилди.
Унда комбинат матбуот маркази раҳбари Абдумажид Жўраев Давлат дастуридан комбинатга тааллуқли жами 5 та банднинг 3 таси тўлиқ бажарилгани ва 2 таси ижроси юзасидан тизимли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.
Таъкидланишича, Давлат дастури доирасида “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятида ҳам 7 та бўлим ва 42 та банддан иборат алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Уни амалга ошириш учун 44,4 миллиард сўм ва 486 миллион доллар сарфланиши кўзда тутилган. Ўтган олти ойликда чора-тадбирлар режасида назарда тутилган бандлар ижросини таъминлаш мақсадида 31 миллиард сўм ва қарийб 252 миллион долларлик ишлар бажарилган.
– Инвестиция дастури доирасида 2022 йилда янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 2095 та янги иш ўрни яратиш ва унга ёш мутахассисларни қабул қилиш назарда тутилган эди, – деди А.Жўраев. – Олти ойда эса 1510 та янги иш ўрни яратилиб, унга олийгоҳ ва коллеж битирувчилари, “Ишга марҳамат” мономарказида касбга тайёрланган ёшлар ишга қабул қилинди. Шунингдек, 6-гидрометаллургия заводида автоматлаштирилган тизим, 5-гидрометаллургия заводи флотация участкасида сунъий интеллект тизим жорий этилишига 13 миллиард 895 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган бўлса, юқори ва қуйи бўғин раҳбар-ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга 5 миллиард 385 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
“Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган чора-тадбирларга асосан, уч минг нафарга яқин комбинат пенсионерларига Жамоа шартномаси асосида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиб олишга 2 миллиард 951 миллион сўм, пенсионерларга санаторийларга 3 миллиард 68 миллион сўмлик имтиёзли йўлланмалар, ёлғиз пенсионерларга 439 миллион сўмлик моддий ёрдам ажратилди.
Шуниндек, чекка ва чўл ҳудудларида яшовчи мингдан ортиқ кам таъминланган оила фарзандлари ва оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари учун болалар соғломлаштириш оромгоҳларига умумий қиймати 1 миллиард 623 миллион сўм бўлган имтиёзли йўлланмалар ажратилди. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” лойиҳаси доирасида эса 4 минг нафарга яқин комбинат ишчи-ходимларининг тарихий шаҳарларга саёҳатларини ташкил этишга 395 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
Брифингда Давлат дастури биринчи ярим йилликда 69 фоизга бажарилганлиги таъкидланиб, келгусида амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
А.Бўриев,ЎзА