Германиянинг “КFW IPеХ-Bank” делегацияси амалга оширилаётган трансформация жараёнлари ва ишлаб чиқариш фаолияти билан танишиш мақсадида “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ га ташриф буюрди.
“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖда комбинат раҳбарияти ва банк вакиллари ўртасида ўтказилган музокараларда эришилган ютуқлар, истиқболли режалар, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда аввал эришилган келишувларни амалда татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ўртасида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича дастлабки қадамлар 2022 йилнинг 3-4 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган II Ўзбекистон иқтисодий форуми доирасида қўйилган эди. Мазкур форум якунларига кўра “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ва “КFW IPеХ-Bank” ўртасида комбинатнинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва модернизация қилиш, инновацияларни жорий этиш ва энергия самарадорлигини ошириш йўналишларидаги инвестиция лойиҳаларини хорижий банк томонидан 100 миллион евро миқдорида молиялаштиришни ташкил этишни назарда тутувчи меморандум имзоланган эди.
Шунингдек, хорижий меҳмонлар дунёдаги энг йирик олтин конларидан бири “Мурунтов” конида бўлишди. Ташриф якунида томонлар кредит шартномасининг кейинги тартиби ҳақида келишиб олди.
А.Бўриев, ЎзА