Бугунги кунда “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятида бир қатор пухта ўйланган йирик инвестицион лойиҳалар ва муҳим дастурлар ишлаб чиқилиб, уларни амалга оширишда замонавий техника ва технологиялардан унумли фойдаланилмоқда.
Сўнгги йилларда комбинатда дунёда муқобили бўлмаган, шу билан бирга, замонавий технологияларга асосланган янги гидрометаллургия заводлари ва ишлаб чиқариш тармоқлари барпо этилиши унинг имкониятларини янада кенгайтирди. Бу ҳақда “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти Технологиялар бўйича директори Отабек Мустақимов ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– 2019 йилда комбинат раҳбар-мутахассислари, олимлари саъй-ҳаракати билан 3-гидрометаллургия заводида муҳандислик-техник ечими, технологик жиҳозланиш даражаси бўйича дунёда ўхшаши йўқ сорбциялаш жараёни чиқиндиларни юқори самарали куйдириш орқали қўшимча равишда олтин ажратиб олиш технологияси бўлди, – Отабек Мустақимов. – Жумладан, 12 нафар олим, мутахассис ва муҳандислар мураккаб таркибли рудалардан олтин ажратиб олиш технологияси бўйича яратган ихтироси учун халқаро патентни қўлга киритди. Бу технологиянинг жорий этилиши хом ашёдан фойдаланиш самарадорлигини 11 фоизга, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни 16 фоизга ошириш имконини берди.
Комбинатда сўнгги йилларда инновацион ва креатив ечимлар асосида техник жиҳатдан ўта мураккаб, дунёда муқобили бўлмаган улкан инвестицион лойиҳалардан бири - янги замонавий технологияларга асосланган 5-гидрометаллургия заводининг қурилиши бўлди.
Заводда жорий этилаётган технологиянинг ўзига хос жиҳати шундаки, сульфидли маъданларни бойитиш натижасида олинган бойитмаларни кислородли-оҳакли оксидлаш асосида олтин ажратиб олиш технологияси ҳисобланади.
Яна бир лойиҳалардан бири - ўтган йили фойдаланишга топширилган 7-гидрометаллургия заводидир. Бу корхона ҳам ўзининг технологияси билан ажралиб туради. Унинг ўзига хослиги шундаки, таркибида олтин кам бўлган, олдин ишланган ва техноген чиқинди ҳисобланган маъданни энг мураккаб жараёнлар орқали қайта ишлаб, маҳсулот олиш имконини берди. Ҳар йили ушбу заводда 15 миллион тоннадан ортиқ техноген чиқинди қайта ишланмоқда.
Кейинги йилларда ишлаб чиқаришга илм-фан ютуқларини жадал татбиқ этилиши, соҳага илғор технологияларнинг олиб кирилиши ишлаб чиқариш сифатини сезиларли даражада оширди.
Бу йўналишда комбинатимиз республикадаги ва чет давлатларнинг етакчи илмий изланиш ва лойиҳалаш ташкилотлари ва компаниялари ҳамда олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик қилаётгани эътиборлидир.
Булар орасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг бир қанча институтлари, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент кимё-технологиялари институти, Россия Федерацияси ва Германиянинг бир қатор компаниялари бор.
Ушбу ишлар натижасида корхона конларни ўзлаштириш, маъдан қазиб олишдан тортиб, тайёр маҳсулот олишгача бўлган яхлит бир тизим асосида фаолият олиб бораётган кон-металлургия соҳасидаги улкан кластерга айланди.
ЎзА мухбири Абдували Бўриев ёзиб олди.