НКМК: 9 ойда 42,7 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди
“Навоий кон-металлургия комбинати" АЖ жаҳон рейтингида ўз мавқеини ошириб бормоқда. Комбинат дунёда олтин ишлаб чиқариш, хомашё ресурслари бўйича етакчи ўринни, “Мурунтов” кони олтин қазиб олиш бўйича 1-ўринни эгаллаб келмоқда. Бунда, ҳеч шубҳасиз, комбинат меҳнат жамоаси, айниқса, тажрибали муҳандис ва малакали мутахассисларнинг фидокорона меҳнати мужассам.
Сўнгги йилларда комбинатда йирик қурилиш ишлари олиб борилиб, 18 та йирик объект – янги гидрометаллургия заводлари, тегирмон блоклари, цехлар ва бошқа инвестицион лойиҳалар ишга туширилди. Айни кунларда Нурота туманида 6-гидрометаллургия заводини қуриш ишлари жадал давом этмоқда. Бунинг ҳисобига “НКМК” АЖ иқтисодий кўрсаткичлари муттасил ўсиб, белгиланган режалар ортиғи билан бажарилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг тўққиз ойида 42,7 триллион сўмдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди. Инвестиция дастури доирасида 382 миллион доллар маблағ ўзлаштирилиб, 1861 та янги иш ўрни яратилди, 412,4 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқарилди.
А.Бўриев, ЎзА