“Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти Бюджетлаштириш ва контроллинг бўлими бошлиғи Умид Костаев иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Бугун ҳаёт шиддат билан илгарилаб бормоқда. Замон, талаблар, мезонлар ўзгармоқда. Шу боис, Янги Ўзбекистонда асосий эътибор кенг қамровли ислоҳотларга қаратилган. Навоий кон-металлургия комбинатида ҳам бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда. Натижада замонавий гидрометаллургия заводлари, янги кон-шахта ва бошқа объектлар қуриш, корхоналар қувватларини ошириш ҳисобига комбинатда ишлаб чиқариш ҳажми, иқтисодий кўрсаткич ва натижалар кўлами йилдан-йилга ўсиб боряпти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 мартдаги қарори билан тасдиқланган “НКМКни 2017-2026 йилларда ривожлантириш дастури”да қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни 30 фоизга ошириш кўзда тутилган. Дастурда назарда тутилган ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши корхонада ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш бўйича йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига таъминланмоқда.
Комбинат томонидан 2017-2022 йилларда умумий қиймати 2,2 миллиард доллар бўлган 20 та йирик инвестицион лойиҳа ишга туширилди, 14 мингга яқин янги иш ўрни яратилди.
Янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши Дастурнинг муваффақиятли амалга оширилишини таъминловчи асосий омил бўлди. Натижада 2022 йилда 2016 йилга нисбатан тоғ-жинсларини қазиб олиш ҳажми 2,3 баробар, маъданни қайта ишлаш 1,6 баробар, олтин ишлаб чиқариш ҳажми 21 фоизга, кумуш ишлаб чиқариш 46 фоизга ошди.
Бугунги кунда Навоий кон-металлургия комбинати республикамизда энг йирик солиқ тўловчи корхона ҳисобланади. Жумладан, 2022 йилда 33,4 триллион сўмлик солиқ ва дивидент тўланган.
Ҳозирда Навоий кон-металлургия комбинатида трансформация жараёнлари ҳам жадал давом этмоқда. Бу борада комбинатнинг 2023-2025 йилларга мўлжалланган трансформация дастури тасдиқланди. Бунда хомашё базасини ривожлантириш, асосий ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, рақамлаштириш, инвестицион жараёнларни ривожлантириш, ESG ва саноат хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа йўналишлар алоҳида эътиборга олинган.
Бундан ташқари, комбинат балансидаги қимматбаҳо металлар захираларини Австралия JORC Code кодекси стандартлари талаблари асосида қайта баҳолаш, етакчи консалтинг компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини такомиллаштириш борасида ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
2023 йилда комбинат жамоаси саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 65 триллион сўмга етказиб, ўсиш суръатини 2022 йилга нисбатан 103,4 фоизга таъминлаш, мавжуд конлардан 252 миллион куб метр тоғ жинслари қазиб олиш ва гидрометаллургия заводларида 98 миллион тонна маъданни қайта ишлаш режалаштирилган.
Комбинат тизимида инвестиция дастурига асосан қиймати 513,6 миллион доллар бўлган 12 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, шундан, қиймати 408,8 миллион долларлик 5 та лойиҳа ишга туширилади.
Шунингдек, “Хейдрик энд Страглс” “хэд-хантер” компанияси билан биргаликда фаолият йўналишлари бўйича самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари (KPI) тизими ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги тизими жорий қилиниб, тоғ-кон саноатида дунёнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда ходимларнинг ўзаро тажриба алмашишини ташкил этиш, хорижий компанияларда маҳаллий кадрларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизими йўлга қўйилади.
А.Бўриев, ЎзА