Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Низомиддин Маҳмудов: Болаларни тилга муҳаббатли қилиб тарбиялашда оналар ҳал қилувчи роль ўйнайди
12:40 / 2023-07-26

ЎзА мухбири Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, Филология фанлари доктори, профессор Низомиддин Маҳмудов билан ўзбек тилининг бугунги ҳолати, муаммо ҳамда камчиликлар ва уларнинг ечимлари хусусида суҳбатлашди.

— Кейинги йилларда ўзбек тилининг ривожланиши учун қандай ишлар амалга оширилди?  

— 1989 йил 21 октябрдаги қонун ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ривожига ўзига хос туртки бўлди. 2019 йил 21 октябрда эса Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ўзбек тилининг давлат ва жамият ҳаётидаги таъсири ва мавқеини янада ошириш, “Давлат тили ҳақида”ги қонунни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш зарурлигини таъкидлаб, бу борадаги долзарб вазифаларни кўрсатиб ўтган эди. Ва шу куни Президентимиз имзолаган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида жуда кўп режалар ва вазифалар кўрсатилган.  

Бир йил ўтиб, 2020 йил 20 октябрда “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони эълон қилинди.  

Ундан кейин яна тилимизга оид давлат миқёсидаги ҳужжатлар қабул қилинди. Масалан, ўзбек тилини 2030 йилгача ривожлантириш билан боғлиқ бўлган дастур, концепция ва унинг ижроси бўйича “Йўл харитаси” жорий қилинди. Мана шу асосда қилинган ишлар анча самарали, кўламли ишлар бўлганини эътироф этишимиз керак.  

Биргина бизнинг институтимизда тилшунослик бўйича тўртта бўлим бор. Ушбу бўлимларнинг асосий вазифаси, фаолияти, назарий, илмий изланишлари Президентимиз томонидан чиқарилган қарор, фармон ва бошқа ҳужжатларда белгиланган вазифаларни аниқ натижага олиб боришга қаратилди ва жуда кўп ишлар қилинди.  

Лекин барибир, қилинадиган ишлар қилинган ишларга қараганда ҳамиша кўп бўлган. Ўзбек тилининг ривожи, нуфузи, эътиборини янада оширишга қаратилган ишлар ҳозиргидан кўра кўпроқ бўлиши табиий. Буни  тилшунос, адабиётшунос, зиёлилар яхши ҳис қилишади.  

— Тилимизнинг ривож топишида ўтган асрларда яшаб, ижод қилган алломаларнинг ҳиссаси қандай?  

—Аввало шуни айтиш керакки, ўзбек тили туркий тиллар оиласига кирадиган, ўзига хос алоҳида ўринга эга бўлган тил. Чунки бу тилда жуда кўп киши сўзлашади. Европадаги туркий тил билан таниш бўлган олимлар бу тил ҳақида чиройли таърифлар ҳам айтишган. Немис алломаси Фри́дрих Макс Мю́ллер айтадики: “Туркий тилларнинг грамматикаси шу қадар гўзал ва тараққий этганки, худди олимлар жамоаси тўпланиб ўтириб, тузиб чиққандай. Шу қадар таранг ва ифода имкониятлари катта бўлган тил”.  

Мана шу тиллардан биттаси ўзбек тили. Ўзбек тилининг ривожида ўтган асрларда яшаган алломаларимиз, шоир ҳамда ёзувчиларимизнинг жуда катта ҳиссаси бор. Афсуски, тарих текис, силлиқ кетмаганидек, хилма-хил ривож ва таназзул ҳолатлари ҳам бўлган. Шунга қарамасдан тилимиз ривож топиб келяпти.  

— Болаларни тилга муҳаббатли қилиб тарбиялашда оналарнинг роли қандай?  

— Фитратнинг бир гапи бор; “Миллат болаларини замонга жавоб берадиган, тилга, адабиётга муҳаббатли қилиб тарбиялашда оналар ҳал қилувчи роль ўйнайди”. Боланинг тилда собит бўлиши, тилда фикрини ифодалаши ва бундан завқ ола билиши каби малака ҳамда кўникмалар бевосита оилада онанинг шафелигида шаклланади.  Бола сув, она кулол, деб бежиз айтишмаган.    

— Юртимизда ўзга тилларни ўргатишга ихтисослаштирилган боғча, мактаблар жуда ҳам кўп. Ушбу мактабларда фарзандларимизга ўзбек тили дарслиги қай даражада ўргатиляпти?  

— Ўзбек боласи, ўзбек тилида яратилган, ўзбек ментал хусусиятларни, идрок, ақлий хусусиятларни акс эттирадиган ўз тилида яратилган гўзал намуналарни билмасдан ўсиши уни эртага бир қадар оқсоқ ҳолатдаги шахс бўлиб етишишига йўл очади. Шу боис ўзга тилларга ихтисослаштирилган мактабларда болаларни муайян бир касбга, илмга йўналтириш жуда яхши ҳолат аслида. Лекин бола бу ерда ўзининг она тилида яратилган гўзал намуналарни тасаввур қилмайдиган бўлса, ундан қиёфаси ўзбекча, ички дунёси ғарбча ёки бошқа миллатга мансуб вужуд пайдо бўлади.  

Ўзга тилга ихтисослаштирилган таълим масканларида баъзида ўзбек тили бўйича йиғилишлар, имтиҳон синовлари ташкил қилинганида мени ҳам чақиришади. Шундай йиғилишларда баъзи ўқувчилар Абдулла Ориповнинг шеърларидан, Навоийнинг ғазалларидан ўқишади. Улар орасида шоирларнинг асарларини катта иштиёқ билан ўқиганларига гувоҳ бўлганман кўп бора. Бу ишларни кучайтириш керак. Боланинг ёшлигида тилга, адабиётга муҳаббат ўйғотмаслик эса жуда зарарли.  

Суҳбатнинг тўлиқ шаклини ЎзА сайти ва сайтнинг ижтимоий тармоқлардаги каналлари орқали кузатишингиз мумкин.  

 <iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/3nv37VLDABI" title="Низомиддин Маҳмудов: Болаларни тилга муҳаббатли қилиб тарбиялашда оналар ҳал қилувчи роль ўйнайди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Н.Раҳмонова,  

А.Содиқов (видео) ЎзА